Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сентябрь ойи учун пенсия ҳақида маълумот

#Пенсия_нафақа_олувчилар_диққатига!

Пенсия жамғармаси ҳамда Халқ банкининг қўшма баёноти эълон қилинди.

Пенсия ва нафақа пуллари ҳар ойнинг 27-санасига қадар тўланиши таъминланиб келаётган эди. Хусусан, тўловлар ҳар ойнинг биринчи банк иш кунидан бошланиб, кунлик график асосида (дам олиш кунларидан ташқари) маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фуқароларнинг яшаш манзилига борган ҳолда етказилмоқда.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 декабрдаги «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги ПФ-6122-сонли Фармонига асосан 2021 йилнинг 1-5 сентябрь кунлари республикамизда барча соҳа вакиллари учун дам олиш куни деб эълон қилинди.

Шу муносабат билан фуқаролар ўртасида тушунмовчиликлар юзага келишининг олдини олиш ҳамда пенсия ва нафақа олувчиларнинг оворагарчилигига йўл қўймаслик мақсадида Пенсия жамғармаси ва Халқ банки қуйидагиларни маълум қилди:

- сентябрь ойи учун бериладиган пенсия ва нафақа тўловлари нақд пул шаклида 6-7 сентябрь санасидан бошлаб амалга оширилади ҳамда белгиланган муддатларгача тўланиши таъминланади;

- пенсия ва нафақа тўловларини нақд пулсиз шаклда олувчи фуқароларга маблағлар 6-7 сентябрь кунлари уларнинг банк пластик карталарига юкланиши таъминланади.