Сеул, Токио ва Москвада Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди
Бугун Жанубий Кореяда Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан Сеул шаҳрида қад ростлаб турган Навоий бюсти пойига гул қўйиш маросими ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи арафасида Сеул шаҳрида ўзбек халқининг буюк аждоди, давлат арбоби ва мутафаккир Алишер Навоий бюсти икки давлат расмийлари иштирокида тантанали очилган эди.
Шунингдек, Москва шаҳрида ҳам Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Тадбирда элчи Ботиржон Асадов бошчилигидаги мамлакатимиз дипломатик миссия ходимлари, Россияда истиқомат қилаётган ватандошлар, Москва давлат лингвистика университетининг ўзбек тилини ўрганаётган талабалари, шунингдек, ўзбек адабий тили асосчиси шеърияти мухлислари иштирок этди.
Худди шундай тадбир Япония пойтахти Токио шаҳрида қад ростлаб турган Навоий ҳайкали қошида ҳам бўлиб ўтди.
"Дунёнинг яна бир қатор мамлакатларида Алишер Навоий хотираси ва ижодига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди", дея хабар беради "Дунё" АА.