“Шарқ тароналари” XIII Халқаро мусиқа фестивалининг матбуот маркази фаолиятини бошлашга тайёр
26-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XIII Халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади. Айни пайтда ушбу халқаро тадбирга юқори савияда тайёргарлик кўрилмоқда.
Жумладан, фестивални нафақат мамлакатимиз, балки дунёнинг барча қитъалари бўйлаб кенг ёритиш учун бир қатор ишлар қилинмоқда. Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун 120 ўринли “Шарқ тароналари” XIII Халқаро мусиқа фестивали матбуот маркази ташкил қилинди.
- Матбуот марказида 80 та компьютер ва принтер ўрнатилган, улар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган, - дейди Маданият вазирлиги ахборот хизмати масъул ходими Орифжон Файзиев. - Шунингдек, матбуот маркази томонидан Wi-Fi интернет тармоғи ҳавола ҳамда бўлиб ўтаётган тадбирлардан олинган расм ва видео маълумотларни ўзида жамловчи (QR-код) база ташкил этилган.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар матбуот марказида фестиваль доирасида Регистон майдонида бўлиб ўтаётган барча тадбирларни катта Led-экран орқали online режимида кузатиб туриш имконияти ҳам яратилди.
“Шарқ тароналари” XIII Халқаро мусиқа фестивалини ёритиш учун хориждан ҳозиргача 50 нафарга яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, республикамизнинг 70 нафардан кўпроқ журналистлари, шунингдек Самарқанд вилоятидаги барча оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар халқаро мусиқа фестивали доирасидаги хабарларни ўз ахборот ресурслари орқали тарқатишлари учун “Матбуот маркази”да ишлашлари мумкин.