Шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши кафолатланди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 3 июль куни «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонунни имзолаганди. 1 октябрдан кучга кирган ушбу қонун фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш, улардан фойдаланиш имкониятини соддалаштириш ҳамда қаерда ишлов берилишидан қатъи назар, билдирилган мақсад учунгина фойдаланишни таъминлаш имкониятини беради.
Шахсга доир маълумотлар - бу муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот ҳисобланади.
Бир қатор хориж мамлакатлари тажрибасига таянилган ҳолда ишлаб чиқилган қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази белгиланди.
Хўш, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши фуқароларни қандай қилиб ҳимоя қилади? Илгарилари айрим фуқаролар томонидан таниш-билишларининг фуқаролик паспорти нусхаларига бир нечта телефон рақамлар олинган ҳолда улардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилар эди. Бу эса кейинчалик айрим нохуш вазиятлар ва муаммоларни келтириб чиқарганлигининг гувоҳи бўлганмиз.
Қонуннинг 33-моддасида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланди. Бу меъёр ўз ўрнида қайд этилган ноқонуний фаолият учун қонунчиликка жавобгарликни белгиловчи тегишли қоидалар киритилишини тақозо этди.
Бундан келиб чиқадики, жисмоний шахснинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди. Демак, энди мулкдор, оператор ва учинчи шахс фуқаронинг шахсига доир маълумотларни етарли даражада ҳимоя қилишни бўйнига олган ҳолда ва ушбу маълумотдан нима учун фойдаланмоқчи эканлиги ҳақидаги мақсадни ошкор қилиб, фақат ўша мақсад учунгина фойдаланиши мумкин бўлади.
Масалан, паспорт олиш учун берилган маълумотдан ер олиш, кадастр қилиш, никоҳдан ўтиш, сайловчилар рўйхатига киритиш, ўқишга юбориш, диплом бериш, гувоҳнома тайёрлаш каби ишларга шахс рухсатисиз фойдаланиш мумкин эмас. Агар шу мақсадда фойдаланиш зарурати пайдо бўлса, албатта, бу ҳақда маълум қилиниб, муайян шахснинг розилиги олиниши шарт.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун мамлакатимизда шахсга доир маълумотлар билан ишлашда халқаро стандартлар ва қоидаларни жорий қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги бўйича конституциявий ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва шахс сифатида ҳар қандай таъсирлардан ҳимоя қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Фурқат АНАРОВ,
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси кадрлар бўлими бош маслаҳатчиси.