Шериклик боғчани ким ташкил этади?
"Темур Файз" нодавлат таълим муассасасида бўлиб ўтган семинарда вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Саъдинова нодавлат таълим муассасаларига қўйилаётган талаблар, Самарқанд шаҳар ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Б.Раҳматуллаев шаҳар миқёсида бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. "Ориент Финанс банк" хусусий акциядорлик тижорат банки вилоят бошқаруви раиси А.Бакаев ушбу фаолият билан шуғулланиш учун тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилиши хусусида гапирди.
– Президентимизнинг "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори асосида янги турдаги МТМлар ташкил этиш юзасидан 20 дан ортиқ тадбиркорлар ҳокимликка мурожаат қилди, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Раҳматуллаев. – Жумладан, "Самарқанд кўзмунчоғи" нодавлат мактабгача таълим муассасаси шаҳардаги 71-боғчани давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасасига айлантириш таклифи билан чиқди. Ҳозирда ушбу ташаббус амалга оширилиб, муассасада қурилиш ишлари бошланди.