ШҲТ саммити арафасида Самарқанддаги ўзгаришлар. Меҳмонларни ҳайратлантира оламиз
2022 йил 15-16 сентабрь кунлари Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг 22-саммити бўлиб ўтади.
Мамлакат раҳбарлари сўнгги уч йил ичида биринчи марта юзма-юз учрашади. Бу тўпланиб қолган икки томонлама, минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилиш учун қулай фурсат ва яхши имконият бўлади.
Янги аэропорт
Самарқанд саммити учун барча зарур инфратузилма тайёрланди, янги замонавий ва юқори технологик аэропорт қурилди.
Лойиҳанинг дизайни ўтмиш ва ҳозирги замон уйғунлигини намойиш этади. Аэропорт терминалининг биноси буюк олим Мирзо Улуғбекнинг фундаментал асари "Зижи Жадиди Кўрагоний" ("Кўрагонийнинг янги астрономик жадвали")ни ифодаловчи “очиқ китоб" шаклига эга. Унинг томида юлдузлар туркуми тасвирланган. Бинонинг кенглиги 175, баландлиги эса 25 метрни ташкил этади.
Бу – шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига атоқли астроном Мирзо Улуғбекнинг бутун инсоният илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини яна бир бор эслатади.
Саёҳатчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий технологиялар жорий этилди: йўловчилар ва юкларни рўйхатдан ўтказишнинг янги тури ҳамда қўнгандан сўнг қулай хизмат кўрсатиш тизими ишга туширилди.
Аэропорт соатига 800 нафар йўловчи ва ҳафтасига 120 тагача рейсга хизмат кўрсатиш қувватига эга.
Silk Road Samarkand сайёҳлик маркази
ШҲТ меҳмонлари, ва, албатта, сайёҳлар учун янги Самарқанд халқаро сайёҳлик маркази қурилди – бу режалаштирилган саммит тадбирлари ўтказиладиган асосий ҳудуд бўлади.
Қурилишнинг асосий объектлари 135 гектар майдонни эгаллаган.
Машҳур эшкак эшиш каналининг икки қирғоғида “Боқий шаҳар" этнографик шаҳарчаси, виночилик шохобчаси, меҳмонхоналар ва ШҲТ мамлакатлари раҳбарларининг учрашувлари бевосита ўтказиладиган улкан уч қаватли Конгресс-холл жойлашган. Унинг майдони 2800 квадрат метрни ташкил этади. Биринчи шахсларнинг учрашувлари ўтказиладиган асосий залнинг майдони эса 65х65 м, баландлиги 14 метрни ташкил этади.
Сайёҳлик маркази ҳудудида балиқ овлаш учун сунъий кўл – гаштак яратилди. Марказий майдон сайёҳларни "мусиқий фаввора” билан қувонтиради, меҳмонлар Eco Village шаҳарчасида яшаши мумкин.
Кўп функцияли Silk Road Samarkand сайёҳлик марказида умумий фонди тахминан 1200 та хонадан иборат саккизта халқаро даражадаги меҳмонхона ўз эшикларини очади. Улардан иккитаси 5 юлдуз тоифасига киритилган. Samarkand Regency Amir Temur меҳмонхонаси эса Марказий Осиёдаги The Leading Hotels of the World – дунёдаги етакчи меҳмонхоналар уюшмасига киритилган биринчи ва ҳозиргача ягона меҳмонхона бўлади.
Самарқанд эшкак эшиш канали
Бу яна бир маҳаллий диққатга сазовор жой. Каналнинг узунлиги 2180 метрга тенг, кенглиги эса 150 метрдан ошади. У эшкак эшиш мусобақаларининг халқаро стандартларига тўлиқ мос келади.
Бу ерда турли халқаро мусобақалар ўтказилади. Жумладан, 2025 йилда Осиё ўсмирлар Олимпиадаси Ўзбекистонда, эшкак эшиш турнирлари эса Самарқандда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинган.
ШҲТнинг Самарқанддаги саммити Ўзбекистонда ўтказилган саммитларнинг тўртинчиси бўлади. Бундай муҳим халқаро тадбир 2004, 2010 ва 2016 йилларда фақат Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.
ЎзА