Шижоат тимсоли ёхуд жасоратни касбига сингдирган журналист ҳақида мухтасар сўз

Одатда биз шижоат, шиддат ва жасоратни бургутда кўриб ўрганганмиз. Дарвоқе, бургут дунёга доимо юқоридан туриб қарайди. У насибасини ўзи топиб ейди, бировнинг ўлжасига шерик бўлмайди, фақат ўзига ишониб яшайди.

Биз ҳаётда бундай фазилатларга ҳавас қиламиз. Бундай фазилатли инсонларга ҳурматимиз бошқача бўлади. Лекин ҳаётнинг азалий, ёзилмаган қонуниятлари ҳам борки, уларни четлаб ўтолмаймиз: жасорат ўртамиёнларга ёқмайди, боқибеғамлар шиддатлини ҳазм қила олмайди, тўғри гап гоҳо туққанингга ҳам ёқмайди, жасорат моҳиятини тушуниб етишга муҳлат керак бўлади. Яна бир ҳақиқатни айтмасак бўлмас, бу учта фазилат бир шахсда бир вақтнинг ўзида жо бўлиши мушкул. Шу сабабли ҳам муносабатларда бунга ўхшаш ҳаракатларга кўз тушса, билиб қолсак, ўша инсонга ҳавасимиз, меҳримиз ортади. Хусусан глобаллашув чуқурлашган, маънавиятдаги муносабатлар чигаллашган бир даврда бу ҳолат дарҳол кўзга ташланади.

Камина Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов фаолиятига ана шу нуқтаи назардан ёндашмоқ лозим, деб ҳисоблайман. Чунки мен таниганимдан буён бу киши ҳар қандай ҳолатда ҳам касбни ва инсоний бурчини бажаришга бутун вужуди билан киришишини кўриб келаяпман. Минг афсуски, жуда кўп ҳамкасбларимда, хусусан ўзимда ҳам мураккаб ҳолатларда, нозик вазиятларда курашчанлик, ўз позициясини ҳимоя қилиш, бундай пайтда атрофдагилар ҳурматини жойига қўя олиш ҳаракатини кўриш мушкул. Бошқача айтганда, ўзимиз билан бўлиб қоламиз. Бир мен эмас, кўплаб касбдошлар айтиши мумкинки, М.Обидов қалтис вазиятларда ҳам «ўз»лигини сақлаб келяпти. 

Хўш, бунинг сабаби нимада?

Биринчидан, оилада олган тарбияси, ота-онадан ўтган фазилатлари. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Чунки оиладаги муҳит тарбияси пухта бўлмаса, уни улғайганда шакллантириб бўлмайди.

Иккинчидан, касб маҳорати, яъни профессионализм. Бу борада Муҳаммаджон акага омад кулган. Негаки у талабалигидаёқ Аҳмаджон Мелибоев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Абдусаид Кўчимов, Зуҳриддин Исомиддинов, Жаҳонгир Исмоилов, Саъдулла Ҳаким, Шуҳрат Жабборов каби иқтидорли ёшлар даврасига қўшилди. Гарчи бадиий ижод билан шуғулланмасада, публицистик чиқишлари, мақолалари билан ижодий рақобатда маҳоратини оширди. Ўқишни битиргач, Ўзбекистон телевидениесида ўткир сўзли, қаттиққўл устозлар қўлига тушди.

Учинчидан, иймон поклиги, дунёқараши теранлиги, даврга муносиблик, тўғри сўзни айта олишлик. Табиийки, бундай одамлар жамиятда ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайди. Айниқса касбда ва ҳаётда ўртамиён одамларга.

Тўртинчидан, ўрганишдан уялмаслик, ҳамиша тажрибани орттиришга интилиш. Шу орқали ўзи ҳурмат қилган, ишонган кишилар қадрини жойига қўйиш.

Назаримда М.Обидовни таниганларга бу хулосаларимни шарҳлаш зарурати йўқ. Фақат яхши билганим сабабли айрим воқеалар силсиласини санаб ўтмоқчиман.

У «Ахборот» дастурида энг фаол, жасур мухбир бўлди. Оёғи етмаган жой кам эди: аҳолига қулайлик йўлидаги янгилик ҳам, асабга тегувчи ҳолат ҳам, ўғрилару тўралар ҳам, ҳарбий ҳолатлар ҳам... Буни ёши улуғ кишилар яхши билишади. Аммо қўққисдан танқидга учради. Ишдан кетганда нолишиб юрмади, одамгарчиликдан чиқмади, сабр қилди. Чунки у инсонга ҳамма нарса – лавозим у жон ҳам, қувончу ташвиш ҳам омонат эканини яхши биларди.

Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари сифатида касбимиз, ҳамкасбларимиз қадрини оширишга интилди, уларнинг бошини қўшди. Қалам аҳлига дунёни кўрсатди. Фарғонада анъанавий ижодий машварат мактабини яратди. Тугаб бораётган вилоят газетасига «жон киритди», туман газеталарини қўллаб-қувватлади. Албатта, бошидан ўтказганлар журналистикада бундай фаолият нечоғлик машаққатли эканини яхши билишади.

Қарийб йигирма йилдирки, Муҳаммаджон ака билан ҳамкорликда ишлаймиз. У киши билмаганини сўрашдан эринмайди ва уялмайди. Биз ҳам ўз навбатида у кишидан, Фарғона ижодий муҳитидан кўп нарса ўргандик, ўрганаяпмиз. Шу сабабли ҳожи акани бошқа вилоятлар каби Самарқандда яхши билишади ва ҳурмат қилишади. Дарвоқе, хорижга бирга қилган ижодий сафарларда у кишининг яна кўп фазилатларини билдимки, булар менга сабоқ бўлди.

Мен ҳар гал Фарғонага борсам, Муҳаммаджон ака ташаббуси билан Марғилондаги “ранчо”да ҳамкасблар даврасидан олам-олам таасурот билан қайтаман.

Шу сабабли бугун тўла ишонч ва фахр билан айта оламан:

- Муҳаммаджон Обидовнинг Ўзбекистон журналистикасида ибрат олгулик ўрни бор. Табаррук ёшингиз муборак бўлсин, устоз!

Фармон ТОШЕВ,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

«Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» таҳририяти газеталари бош муҳаррири.