Шимолий Корея ҳукумати COVID-19 сабабли мамлакатда "тўсатдан фавқулодда ҳолат" эълон қилди: шу вақтгача мамлакатда расман коронавирус "бўлмаган" эди

 
Жанубий Кореянинг Ренхап ахборот агентлиги мамлакат ОАВларига таяниб, Шимолий Кореяда коронавирус инфекциясининг биринчи ҳолати ҳақида хабар берди.

КХДР расмийлари шу кунгача мамлакатда COVID-19 бўлмаганлигини таъкидлаб келади.

12 май куни мамлакатда КХДР Меҳнат партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюросининг йиғилиши чақирилиб, унда республика раҳбари Ким Чен Ин иштирок этган.

“2020 йилнинг февраль ойидан шу кунгача - икки йил-у уч ой давомида фавқулодда эпидемияга қарши фронт қўриқлаган мамлакатимизда фавқулодда вазият вужудга келди”, дейилади хабарда.

Агентликнинг қўшимча қилишича, Ким Чен Ин фавқулодда вазиятни “тўсатдан” деб атаган.

“Мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида ҳар бири ўз минтақангизни блокировка қилинг ва зарарли вирус тарқалиш йўлларини мукаммал тарзда ёпинг. Биз тўсатдан пайдо бўлган инқирозни енгамиз ва вирусга қарши шошилинч курашда албатта ғалаба қозонамиз”, деди у.

Қайд этилишича, 8 май куни Пхеньянда иситма қилган беморларда ўтказилган тест натижалари BА.2 коронавируси, яъни омикрон штамми вариантини кўрсатган. Мамлакат расмийлари "максимал фавқулодда вазият"да вирусни назорат қилиш тизими жорий этилганини эълон қилган.