Шимолий Корея Жанубий Кореянинг “ҳарбий қарама-қаршилиги” юзага келган тақдирда ядровий қурол билан жавоб бериши мумкин
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси раҳбари ўринбосари Ким Ё Чжоннинг айтишича, Жанубий Корея “ҳарбий тўқнашувга борса”, Пхеньян ядро қуролидан фойдаланади. Бу ҳақда Шимолий Корея марказий ахборот агентлиги маълум қилди.
“Агар Жанубий Корея ҳарбий қарама-қаршиликка киришса, бизнинг ядровий жанговар кучларимиз муқаррар равишда ўз бурчини бажаришга мажбур бўлади”, дея Ким Ё Чжоннинг сўзларини келтирган агентлик.
Шунингдек, у Жанубий Корея мудофаа вазирининг КХДРга қарши зарба бериш ҳақида гапириши “жуда катта хато” эканини таъкидлади.
Аввалроқ Ким Ё Чжон Жанубий Корея мудофаа вазири Со Укни КХДРга қарши олдинги зарба бериш эҳтимоли ҳақида гапиргани учун “муср” деб атади ва бундай баёнотлар Сеул учун аянчли оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган эди.
Ким Чен Иннинг синглиси Со Укнинг 1 апрель куни Жанубий Корея қуролли кучлари Шимолий Кореяда “ҳар қандай нишонни аниқ ва тез уриш” имкониятига эга бўлган кўп сонли ва турли ракеталарга эга эканлиги ҳақидаги баёнотини қоралади. КХДР зарба беришга тайёрланаётгани аниқланган тақдирда “ҳар қандай ҳужум манбаи, қўмондонлик ва қўллаб-қувватлаш воситалари”га зарба бериш имкониятини эълон қилди вазир. Со Ук, шунингдек, “шимолда мавжуд бўлмаган кўп қатламли илғор ракетага қарши мудофаа тизимини” ишлаб чиқишни давом эттиришга ваъда берди.