Шоир Олим Девона ҳақида эшитганмисиз? Унинг "Равзаи Асрор" асари ҳақида-чи?

Пахтачи туманидаги 25-сонли мусиқа ва санъат мактабида филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Исмат Санаев таҳрири остида чоп этилган "Равзаи асрор" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Исмат Санаев кўп йиллик тадқиқот ва изланишлардан сўнг XIX асрнинг иккинчи ярмида юртимизда камолга етган истеъдодли шоирлардан бири - Олим Девонанинг ижодий меросини жамлаб, тўплам шаклига келтирди.

Тақдимотда ушбу китобнинг  маънавий-маърифий қиммати, тарихий қадри ҳақида гап борди.

Таъкидлаш лозимки, шу вақтгача Олим Девонанинг номи ҳам, асарлари ҳам турли сабаблар билан илмий жамоатчилик эътиборидан четда қолган эди. “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари тўплами”нинг VII жилдида Олим Девонанинг манғит амирларидан Амир Музаффар ҳукмронлиги даврида (1860-1885 йиллар) амирликда мирохур лавозимида хизмат қилгани ва “Равзаи асрор” достонининг муаллифи эканлиги тўғрисида маълумот берилган. Аммо шу пайтгача шоирнинг ҳаёт-фаолияти ва ижод намуналари изчил тадқиқ этилиб, бирор бир тўпламда жамланиб, китобхонларга тақдим қилинмаган эди. Исмат Санаев бу машаққатли ишга қўл урди ва адабиётшунос олимнинг изланишлари туфайли китобхон Олим Девонадек истеъдодли шоирни кашф этди ва ижодидан баҳра олмоқда.

- Ушбу асарни диққат билан ўқиб чиқдим, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жўрақул Нарзуллаев. - Китоб келажагимиз эгалари бўлган баркамол авлодни Ватанга, халққа, қадриятларимизга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Рўзигул Мағрипова,

Жамол Саломов (фото).