Шовоналик ёшлар ДХХ кубоги учун майдонга тушади
Маҳалла ёшлари ўртасида футбол ва мини футбол бўйича “Ўзбекистон Республикаси ДХХ кубоги” мусобақалари анъанавий тус олди.
Жорий йилда ҳам шу пайтгача мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мусобақаларнинг қуйи босқичлари ўтказилди.
Жумладан, Самарқандда апрель ойининг дастлабки кунларидан мазкур беллашувларга старт берилганди. Мусобақалар учун вилоятдаги 1126 маҳаллада 3378 жамоа шакллантирилиб, 41 мингга яқин ёшлар қамраб олинди.
Бу йил мусобақаларда иштирок этиш ва ғолиблик учун ёшларда шижоат кучли бўлди. Уларнинг ўзлари жамоа шакллантирди, машғулотларда қатнашди. Шунинг учун беллашувлар энг қуйи босқичдан қизғин кечди. Туман, шаҳар ва вилоят миқёсидаги беллашувлар эса профессионал спортчиларнинг ўйинлари сингари шиддатли бўлди.
Яна бир эътиборли томони, бу йил илк бор мини футбол бўйича баҳслар қизлар жамоалари ўртасида ҳам ўтказилди. Бу беллашувларда ҳам маҳоратли спортсевар қизлар кашф этилди.
Қарийиб уч ой давом этган мусобақаларда мини футбол бўйича ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Тойлоқ тумани Тепа қишлоқ маҳалласи жамоаси ғолиб бўлиб, республика финал босқичида қатнашадиган бўлди. Кейинги ўринлар Пахтачи тумани Гулобод маҳалласи ва Самарқанд тумани Арабхона маҳалласи жамоаларига насиб этди.
Мусобақанинг қизлар ўртасидаги беллашувларида Жомбой тумани Нўш маҳалласи жамоаси республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Иккинчи ўринни Иштихон тумани Той туёқ маҳалласи, учинчи ўринни Паст Дарғом тумани Гўзалкент маҳалласи жамоалари қўлга киритди.
Футбол бўйича ўтказилган баҳсларда Булунғур тумани Кичик Килдон маҳалласи жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Кеча Самарқанд шаҳридаги “Динамо” ўйингоҳида мазкур мусобақанинг вилоят босқичи ғолиблиги учун кечган финал учрашувида Пайариқ тумани Қумчуқ маҳалласи ва Қўшработ тумани Шавона маҳалласи ёшлари майдонга тушди.
Қизиқарли кечган беллашувда шовоналик йигитлар 1-0 ҳисобида ғалаба қозониб, “Ўзбекистон Республикаси ДХХ кубоги” мусобақасининг финалига йўлланма олди.
Шу ерда мусобақанинг вилоят босқичи ғолибларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Унда давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва вилоят сектор раҳбарлари иштирок этиб, совриндорларга кубок ва медалларни тантанали равишда топширди.
Шунингдек, тадбир доирасида концерт дастури ва спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.