Шум бола шаҳарга келди
Донога ишора кифоя.
Ўзбек халқ мақоли.
“Бой отанинг “шаҳар-шаҳар” деганига бормасман-да. Бормасман деганим “беш кетмадим” деганим. Беш кетмадим деганим, эса бир бордим-у, бошқа қайтиб бормадим, деганим эмас. Бордим!
Қишлоқда, Бой отанинг олмазорига яхоб сувини ташлаб қўйиб, ички туризм деганига ёзда “илинмовдим” (Бой отадан рухсат тегмаганди-да), қишда бир кўриб келай, мен ҳам бир турист бўлай, деб “Қайдасан, Самарқанд?” деганча, Сарибой бўлиснинг тўриқ қашқасини миниб, “Дарё тошқин”ни хиргойи қилиб келсам, от тўрт туёғини тираб, бир нимадан ҳурккандай туриб қолди. Кўзлари аланг-жаланг. Машина кўплигидан ҳуркаётгандир-да десам, эй қаёқда, ариқда оёғини узатиб олганча қиш шамолида ҳилпираб ётган елим халтадан ҳурккан экан. “Ҳой, жонивор, унинг жони йўқ, қўрқма”, деб олдинга ниқтадим. Тушунди шекилли, юра бошлади, лекин гапимнинг кори узоққа бормади. Энди тунги чироқлар учун ўрнатилган бетон устунда ёпиштирилган қоғознинг елими кўчган экан, пириллаб қолса бўладими. Тисарилган отдан сакраб тушдим-у, бориб қоғозни юлиб ташладим. Нима эълончилар бошқа жой топмаганми, устма-уст ёпиштираверган экан. Худога таваккал қилиб, тўриқни ўша ерга боғлаб, пиёда йўлга тушдим. Тўғриям қилган эканман. Йўл-йўлакай бунақа кўнгилсиз манзараларга анча дуч келдим. Тавба қилдим, Бой ота, уришсангиз ҳам, сўксангиз ҳам, ҳовлингизда шунақа нарса ташлашга қўймайсиз. Энг баттоли мен бўлсам, ҳатто писта чақсам пўчоғини кафтимга йиғиб, олиб бориб ўчоққа тўкаман! Бу шаҳарнинг одамларига нима бўлган-а?! Ер юзининг сайқали бўлмиш шаҳри Самарқандда яшайман, деб чиқиндисини кўчага отса, эълонини дилни хира қилиб, бекатдаги ойналарга, бетон устунларга ёпиштириб кетаверса...
Бир аёлни кўрдим. Сариқ нимча кийволиб, қадоқ бўлиб кетган қўллари билан ариқ ичидаги чиқиндиларни тозалаяпти экан. Онамга ўхшаб кетаркан... Олдига бориб ёрдамлашдим. Одамлар қараб-қараб ўтишарди. Нимагалигини билмайман. Балки Бой отадан беш кун бепул ишлаб бериш эвазига олиб кийиб келган костюм-шимда чиқинди йиғаётганимга ажабланишгандир. Нима қилибди шундай қилсам?! Бу менга алам қилмайди. Шум боланинг ғурури бор. Эртага бир чет эллик келиб, тўртта эркак ташлаган чиқиндини битта аёл ариқлардан, кўчалардан териб юрганини кўрса, нима дейди?.. Бунақа пайтда Бой ота “Астағфуруллоҳ”, деб қўярди...
Саёҳат ҳам саёҳат бўлди-да! Ҳеч қаерга боргим келмади. Ортимга қайтар чоғим аёлга икки оғиз гап айтдим: “Уйдаги хўжайинингизга, ишдаги хўжайинингизга бориб айтинг, юрак ютиб кўчага, халқнинг олдига чиқсин. “Шаҳар ўзимизники, биров келиб тоза тутмайди. Келган меҳмон олдида юзимиз шувут бўлмасин”, десин. Балки эълонлар ёпиштириш учун алоҳида жойлар қилиш керакдир. Балки ўзини ҳурмат қилмайдиганларга буни ўргатиш керакдир. Э, хуллас, тарғибот дейдими, ташвиқот дейдими, бир нималар қилиш керак-да, опа. Бой отамнинг бир гапи бор: “Қўқиган уйдан барака қочади!”
Шум боланинг мактубини Аслиддин нашрга тайёрлади.