Шунчаки ҳавас билан мақсадга етиб бўлмайди
Дунёга машҳур ҳар қандай бренд ортида ҳунар ёки билим, чинакам тадбиркорлик замирида шижоат, тинимсиз меҳнат ва тажриба ётади.
“Ургут саноат сервис” корхонаси раҳбари Мажидхон Исломов ёш бўлишига қарамай, меҳнатда тобланган, ўз ишига ҳунар ва илм билан ёндашадиган шижоатли тадбиркорлардан.
- Ҳар қандай ишнинг асосида билим ва ҳунар бўлмас экан, унинг эртасидан умид йўқ, - дейди Мажидхон Исломов тумандаги 6-умумий ўрта таълим мактабида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда. – Бошқа соҳалар каби тадбиркорликнинг ҳам ўз илми бор. Кўпчилик тадбиркорликни пулнинг ортидан қувиш деб билади, унга фақатгина савдо-сотиқ иши деб қарайди. Чинакам ишбилармон бўлиш учун соҳага оид китобларни ўқиш, янгиликлар билан танишиб бориш, замонавий билимларни эгаллаш лозим. Муҳими, мақсадни тўғри қўйиш, маррани баландроқ олиш. Айримлар маиший эҳтиёжларини қониқтирадиган маблағ топганидан сўнг тўхтаб қолади, ўз устида ишламайди.
M.Исломов туман марказидан ижарага жой олиб, тикув цехи ташкил қилиб, укалари билан эркаклар кийимларини тикиш билан шуғуллана бошлаган кезлари оддий ҳунарманд эди. Тайёрланган маҳсулотни тумандаги бозорда сотиб, кўпроқ хомашё олар, сифатлироқ маҳсулот ишлаб чиқаришга интиларди. Бунинг ортидан улар тайёрлаётган маҳсулотнинг мижозлари кўпайди, вилоят миқёсида харидорлар, буюртмачилар кела бошлади. Ишнинг ривожидан руҳланган ҳунарманд қўшимча ишчи жалб қилди. 7-8 нафар тикувчини ишга олиб, маҳсулот турини кўпайтирди, кўпроқ буюртма қабул қилди.
- Яқин беш йилда тадбиркорлик қиламан деган кишига, айниқса, ёшларга ҳукуматимиз томонидан кенг имкониятлар яратилгани оддийгина ҳунарманддан таниқли тадбиркор бўлиб етишишимда бош омил бўлди, - дейди “Ташаббус – 2021” кўрик-танлови республика босқичининг энг ёш тадбиркор номинацияси ғолиби. – Хусусан, оилавий корхона очиш учун катта имтиёзлар берилди. Тикув-трикотаж соҳаси юртимизда келажак соҳаларидан бири. Арзон ва сифатли хомашё манбаи, ундан тайёрланаётган маҳсулотга бўлган катта эҳтиёж мамлакатимизда бу жабҳада бизнес учун катта имкониятлар эшигини очди.
Учрашувда ишбилармонликка ҳавасманд ёшлар тадбиркордан машҳур кийим-кечак брендлари ҳақида сўради. Бизда ҳам шундай брендлар яратиш мумкинми, деган саволни ўртага ташлади.
- Олим, спортчи ёки санъаткор юртни дунёга танитгани каби тадбиркор ҳам ўз мамлакати машҳур бўлишида ҳисса қўша олади, - деди эркаклар кийимларини тайёрлашда юқори натижаларга эришаётган тадбиркор. - Болалигимдан турли ривожланган мамлакатларнинг машҳур миллий брендларига ҳавас қилар эдим. Масалан, Туркия, Италия каби мамлакатларни ўз брендлари ортидан бутун дунёда каттаю кичик танийди. Тайёрлаётган кийимларимизнинг сифати ошиб боргани сари мен ҳам ўз миллий брендимизни яратишни мақсад қилдим. Бунинг учун Туркия, Хитой каби давлатларга бориб, уларнинг тажрибаларини ўргандим. Бизда яқин-яқингача тикув-трикотаж соҳасида кучли мутахассислар етишмас эди. Шу сабабдан молиявий харажатлари қанчалик оғирлик қилмасин, Туркиядан маълум вақтга мутахассис жалб қилишга мажбур бўлдик.
Бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, кўп ўтмай Mажидхон Исломов юртимиз бозорларига миллий ўзбек бренди «Ургутиний» номи билан эркаклар кийимларини чиқара бошлади. Корхона фаолияти эътиборга тушиб, 2021 йилда давлатимиз раҳбари Ургут туманида тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишганида ёш тадбиркорнинг фаолияти билан ҳам қизиқди.
- Юртбошимизнинг эътибори кейинги ютуқларимда замин бўлди, - дейди «Шуҳрат» медали соҳиби M.Исломов. – Бу учрашув менга катта ишонч бағишлади. Ишбилармон киши нафақат ўзи, балки атрофидаги инсонларга ҳам нафи тегса, чинакам тадбиркорга айланади. Фаолиятимизни кенгайтириб, Оқдарё тумани ва Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида корхона филиалларини очдик. Ҳозирда корхонамизда 200 дан ортиқ киши иш билан банд. Кунига 2 мингта маҳсулот тайёрланяпти. Маҳсулотларимиз Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон каби давлатларда харидоргир. Бугун ёшларнинг турли йўналишларда тадбиркорлик қилиши учун барча имониятлар яратилган. Хусусан, ургутлик ёшларда бу имконият янада кенгроқ. Аммо шунчаки ҳавас билан мақсадга етиб бўлмайди. Бунинг учун кўпроқ ўқиш, изланиш лозим.
Сулаймон МАРДИЕВ.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.