Сифатли давлат хизмати инсон ва жамият ишончи ҳамда тараққиётнинг асосий мезони

Самарқанд давлат хизмати, самарали ва халқчил давлат бошқаруви бўйича глобал мулоқот майдонига айланди. 23-25 июнь кунлари бу ерда илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Давлат хизмати форуми (UN Public Service Forum 2025) юқори даражада ўтказилди.
Форумда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан келган 400 дан зиёд юқори лавозимли давлат хизматчилари, академиклар, экспертлар, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Хўш, форум учун нега Ўзбекистон танланди?
Бугунги кунда юртимизда давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар, давлат хизматини модернизациялаш, рақамли трансформацияни амалга ошириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалаларида ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 37-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эгалиги белгилаб қўйилган. Кейинги йилларда Президентимиз томонидан давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар, 2022 йилда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Ислоҳотлар жараёнида “Рақамли ҳукумат” идоралараро интеграция платформаси 49 та давлат органининг 390 дан ортиқ веб-хизматларини амалга оширмоқда, уларга ҳар куни 216 дан ортиқ ахборот тизимлари уланмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари 760 дан ортиқ электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 11 миллиондан ошди. 208 та Давлат хизматлари маркази тармоғи республика бўйлаб фуқароларга турли хизматлардан фойдаланиш имконини бермоқда.
2024 йилда Ўзбекистон биринчи марта Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингининг «жуда юқори» даражасига эга мамлакатлар гуруҳига кирди ва GovTech етуклик индексида 37 поғонага кўтарилиб, «А» тоифага кирди.
Мазкур форум арафасида, 19 июнь куни Президентимиз “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади ва унда давлат фуқаролик хизматини ташкил этишнинг асосий йўналишлари, давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини жорий этиш, соҳани тубдан ислоҳ қилиш, давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш ва рақамлаштириш, давлат хизматининг имижини яхшилаш ҳамда давлат хизматчилари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва ташкилий чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Энди форумнинг айрим тафсилотлари ва хулосаларига эътибор қаратсак.
Аввало, форум давлат бошқаруви эндиликда рақамли, инклюзив, инсонпарвар ва барқарор бўлиши кераклигини глобал жамоатчиликка яна бир бор эслатди. 2022–2024 йиллар оралиғида электрон ҳукуматни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришган бир қатор давлатлар БМТ томонидан тақдирланди. Жумладан, мамлакатимизнинг “Электрон ҳукумат” соҳасидаги ютуқлари эътироф этилди ва рағбатлантирилди.
Форум иштирокчиси ва давлат хизматчиси сифатида шуни айтишим мумкинки, мазкур тадбир хулоса ва натижалари, биринчидан, давлат хизмати ва самарали давлат бошқарувига оид янги мақсад ва марралар, имкониятлар очиб беради.
Иккинчидан, билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, самарали ва халқчил давлат механизмларини жорий этиш, халқ билан мулоқот, давлат хизматини трансформациялаш борасидаги ислоҳотлар янада жадаллаштирилади.
Учинчидан, давлат хизматларини «Маҳалла - туман (шаҳар) – вилоят – республика» тизими орқали энг чекка ҳудудларгача қамраб олиш, халқчил инновацион ва рақамли ечимларни жорий этиш, аҳоли учун хизмат сифати ва тезкорлигини оширишга доир усул ва воситаларни ишлаб чиқишга туртки беради. Шунингдек, «Сифатли давлат хизмати — инсон ва жамият ишончи эканлиги, инсон ва жамият ишончи тараққиётнинг асосий мезони» эканлигига эътибор қаратилади.
Тўртинчидан, давлат бошқарувида номарказлаштиришга эътибор қаратиш, давлат хизматида инсонга йўналтирилган бошқарув тамойилини татбиқ этиш, давлат хизматларининг ҳар кимга, ҳар жойда ва ҳар доим очиқ бўлиши, яъни «Маҳалла - ҳокимлик», «Фуқаро – фаол давлат хизматчиси», «Раҳбар – давлат хизматчиси» ва «Фуқаро - электрон ҳукумат» тамойиллари асосида қуйи, ўрта ва юқори бўғин давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш имкониятлари эшигини очади.
Олтинчидан, «Давлат хизмати – хусусий сектор — фуқаролик жамияти институтлари» тамойили асосида соҳа ва тармоқларнинг хизматлар интеграцияси самарадорлигини ошириш, очиқ ва ҳисобдорлик механизмларини жорий этишга шароит яратади.
Еттинчидан, мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда инклюзивлик, корпоратив бошқарув андозаларини татбиқ этиш, иқтисодиётни ривожлантиришнинг ресурсларни тежайдиган ва экологик тоза моделига ўтиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Беҳзод РАҲМАТУЛЛАЕВ,
вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари.