Сил бедаво эмас
Сил касаллиги профилактикасининг самарали усулларидан бири касалликни иложи борича эрта аниқлаш ва беморни даволашни бошлашдир.
Вилоят силга қарши курашиш диспансери томонидан олиб борилаётган профилактика ишлари аҳолининг сил касаллиги бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган. Туманларга бириктирилган мутахассислар ҳудудлардаги поликлиника шифокорларига касалликни эрта аниқлаш ва олдини олиш бўйича тавсиялар бериб, амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Жумладан, ноябрь ойида Паст Дарғом туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси силга қарши кураш бўлими шифокорлари ҳамроҳлигида аҳоли хонадонларида бўлиб, сил касаллиги, унинг юқиш йўллари, ўз вақтида даволанмаса, қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида тушунча берилди.
Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси режаси асосида туман аҳолиси ўртасида силга мойил гуруҳдаги беморлар, қариялар, фертиль ёшдаги аёллар "Лукойл" флюрографик автомашинасида оммавий текширувдан ўтказилди. Текширувлар давомида 34 киши силга гумон қилиниб, улардан 14 тасида касаллик аниқланди ва даволаниш учун вилоят силга қарши курашиш диспансерига юборилди.
Паст Дарғом туманида 6 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 13 та қишлоқ врачлик пункти, 2 та уй-жой сифатида қолдирилган пункт ва тез тиббий ёрдам шохобчалари аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Йилнинг шу даврига қадар туман бўйича 341 нафар бемор сил касаллиги билан рўйхатга олинган. Улардан 133 нафарида бирламчи сил касаллиги, уч нафарида касалликнинг ўтказиб юборилган формаси аниқланган. Ҳозирга қадар 70 нафар бемор соғломлаштирилиб, умумий амалиёт шифокорлари назоратига ўтказилган.
Бугунги кунда сил касаллиги ривожланишига олиб келадиган микроорганизмларни нобуд қилувчи самарали дори воситалари ёрдамида силни бутунлай даволаш мумкин. Аҳоли билан мулоқот чоғида касалликни уй шароитида даволаб бўлмаслиги, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва тозаликка риоя қилиш орқали юқумли касалликларнинг олдини олиш мумкинлиги тушунтирилди.
Абдували АШУРОВ,
вилоят силга қарши курашиш диспансери врач фтизиатри.