Сирдарёга кўнгиллилар томонидан юборилган буюмларнинг аянчли аҳволи бўйича вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда “Гулистон. Сирдарёдаги оилаларга ёрдам сифатида аҳоли томонидан узатилган буюмларнинг аҳволи...” сарлавҳаси билан хабарлар тарқалди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги мазкур хабарларга муносабат билдирди.

“Мазкур омборга юборилган буюмлар, аввал Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши томонидан жалб этилган фаол ёшлар (волонтёрлар) томонидан очиқ майдонда сараланади. Шундан сўнг эпидемиологик хавфсизликни таъминлаб, юқумли касалликлар тарқаши эҳтимолини камайтириш мақсадида дезинфекция қилинган ҳолда, турларига қараб омборнинг ёпиқ қисмига жойлаштирилади.

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 13-14 май кунлари Гулистон шаҳрида вақти-вақти билан ёмғир ёғиши кузатилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва одамлар таъбини бироз хира қилишга сабаб бўлган ҳолат айнан кўнгиллилар томонидан юборилган буюмларнинг юк машиналаридан тушурилиб, саралаш жараёни кетаётган бир вақтда кучли ёмғир ёққан.

Табиийки, бу ҳолатда у ерда фаолият юритаётган волонтёрлар омборнинг ёмғирдан панароқ қисмида ёмғир тинишини кутиб туришган. Худди шу ҳолат номаълум шахс томонидан суратга олиниб, унинг ижтимоий тармоқда тарқалишига сабаб бўлган.

Энди ушбу маҳсулотларнинг тарқатилишида “прописка” асосида тарқатилиши масаласига тўхталадиган бўлсак, юқорида таъкидлаганимиздек, аввал сараланиб, буюмлар дезинфекция қилинганидан сўнг фавқулодда вазиятда зарар кўрган ҳамда вақтинча эвакуация қилинган аҳолига етказилмоқда”, дейилади муносабатда.