Сиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан қабул қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги ПҚ-4359-сонли Қарори билан 2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилишнинг параметрлари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

Унга кўра жорий йилда бакалавриатнинг сиртқи таълим шаклига 19 985 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади.

2019-2020 ўқув йилида 65 та (2018 йилда 52 та) ОТМда сиртқи таълим шаклида кадрлар тайёрланади.

Cиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари 16 августдан 25 августгача камида 3 та фандан ўтказилади.

Абитуриентларга сиртқи таълим шакли доирасида ҳам учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш имконияти берилади.

Жорий йилдан илк маротаба ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлган абитуриенлар сиртқи таълим шаклига алоҳида беш фоизли квота асосида қабул қилинади. 2018-2019 ўқув йили учун - 908 та. 

Ўқитишнинг сиртқи шаклига талабаликка қабул фақат тўлов-контракт асосида амалга оширилади.