Сиёсий шарҳ: Ҳаёт ва мамот чегарасида
Шу кунларда кўпчилик Украинадаги нотинчлик қачон поёнига етар экан, деган саволга жавоб топа олмаяпти. Нега десангиз, 2014 йилдан бошланган ҳарбий можаролар мана, қарийб ўн йилдирки, ўзининг қонли юришини тўхтатмаяпти.
Бу давр ичида юзлаб шаҳар ва қишлоқлар вайрон қилинди, юз минглаб одамлар ҳалок бўлди ёки майиб-мажруҳга айланди. Яна миллионлаб Украина фуқаролари ватанини тарк этишга мажбур бўлди.
Бугунги кунда шундай бир вазият юзага келдики, шахмат ўйинида буни пат ҳолати, дейилади. Икки томоннинг кучи тенглашиб, юрай деса, йўли йўқ, ўйинни тугатай деса, ғолиб аниқ эмас. Бундай ҳолатда шахматчилар дурангга рози бўлиб қўя қолишади. Аммо уруш ўйиндан катта фарқ қилади, ўртада юз минглаб одамларнинг қони тўкилган, томонлар яна қанча керак бўлса, қурбон беришга тайёр туришибди. Айтиш мумкинки, руслар ҳам, украинлар ҳам муроса қилишга кўнмаяпти, кўниколмаяпти. Бунинг эса жуда чуқур асослари борлиги ҳам сир эмас. Айтайлик, Москва эгалланган ҳудудларни аллақачон ўзининг мулки қилиб, конституциясига киритиб қўйди. Қизиғи, ҳали тўлиқ эгалланмаган ерлар: Херсон ва Запорожье вилоятлари ҳам Россия харитасига қўшиб қўйилди. Киев томони эса Кремлнинг бу кирдикорларини очиқ содир этилган босқинчилик, деб ҳисоблайди ва Украинанинг 1991 йилдаги чегарасини тўлиқ тиклашга қаттиқ аҳд қилган.
Биз бу борада ҳакамлик қилиш фикридан йироқмиз, бироқ халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, Украинанинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган чегаралари қанақа ҳолатда бўлмасин дахлсиз бўлиши шарт. Умуман, XXI асрда йирик давлатларнинг босқинчилик урушларини олиб бориши ақлга сиғмайдиган ҳодисадир. Кўпчилик бу борада АҚШни мисол қилиб кўрсатади. Ҳақиқатан ҳам, Америка ёки бу сабабларга кўра чегараларидан ташқарида кўп урушлар олиб борган. Фарқ шундаки, америкаликлар дунё ҳамжамиятининг талабига кўра, охир-оқибат муросаи мадора йўлини танлаган. Масалан, Вьетнам, Ироқ, Афғонистон сингари мамлакатлардан дўппи тор келганда, армияларини олиб чиқиб кетишган. Кремль маъмурлари эса БМТда бир неча марта резолюциялар қабул қилинганига қарамасдан, бу ишга жазм эта олмаяптилар. Маълумки, Россия асрлар давомида босқинчилик урушларини олиб борган. Польша, Финландия, Болтиқбўйи, Украина, Бессарабия, Кавказ, Қозоғистон, Ўрта Осиё, Сибир, Узоқ Шарқ ва Аляска қонли жанглар эвазига империяга қўшиб олинган. Кейинги асрлар давомида уларнинг кўпчилиги озодликка чиқиб, мустақил давлатларга айланди. Аммо баъзи бир сабабларга кўра, Украинанинг империя чангалидан чиқиши жуда оғир кечмоқда.
Атоқли сиёсатшунос Збигнев Бжезинскийнинг қатъий ишончига кўра, Украинасиз Москва империяни сақлаб қола олмайди. Таниқли рус ёзучиси, марҳум, Солженициннинг фикрича, империя Кавказ ва Ўрта Осиёсиз яшаши мумкин, бироқ Украина ва Қозоғистон бой берилса, рус салтанати барбод бўлади. Украина уруши Москва учун шунчаки махсус ҳарбий амалиёт эмас, балки ҳаёт-мамот масаласидир.
Шу жойда ўринли бир савол пайдо бўлади. Хўп, Украина Россиянинг муаммоси экан, нега Ғарб дунёси уларнинг ишига аралашяпти? Бунинг сабаби шундаки, асрлар давомида дунёда ҳукм сурган авторитар бошқарув усули ғарб демократик либерализмига ўрин бўшатиб беришни истамаяпти. Маълумки, кейинги пайтларда ўнг қанот кучларнинг саъй-ҳаракатлари билан дунёда либерал Европа қадриятларига бирмунча заха кетиб, консерватив миллатчилар бош кўтариб қолишди. Автократик Хитойнинг иқтисодиёт соҳасида эришган ютуқлари ўнг кучларни янада илҳомлантириб юборди. Ҳатто, АҚШ каби демократия шамчироғида ҳам Трамп қиёфасида консерватив кайфиятлар очиқ юз кўрсатмоқда. Вазиятнинг бундай тус олиши Путин сингари ўтган асрлар кайфияти билан яшаётган сиёсий арбобларни демократик либерализмга қарши дадил ҳаракатга ундади. Шу маънода, бугунги дунёда юз бераётган нохуш воқеаларни демократик бошқарув усулининг жузъий нуқсонлари сифатида қабул қилиш мумкин. Бироқ буюк инглиз сиёсатчиси Уинстон Черчилл ибораси билан айтганда: “Демократия бўлмағур бошқарув усули, аммо одамзод ундан яхшироғини ҳали ўйлаб топганича йўқ”.
Бизга тарихдан маълумки, Россия ва Хитойда ҳам бир неча марта демократик жамият барпо этишга уринишлар бўлган. Аммо уларнинг ҳаммаси муваффақиятсизлик билан тугаган. Гап Россия давлати ҳақида кетар экан, унинг кейинги икки юз йиллик тарихидаги қатъий бир даврийлик кишини ҳайратлантиради.
1825 йилда декабристлар пойтахт Санкт-Петербургдаги Сенат майдонида қўзғолон кўтариб, давлат сиёсатини ислоҳ этишга даъват қилишди. 1865 йилда Қрим урушида мағлубиятга учраган чор Россияси ички сиёсий-иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Туркистонга босқин уюштирди. 1905 йилда Биринчи рус инқилоби бошланиб, подшоҳ ҳокимиятини ағдариш учун ҳаракат бошланди. 1945 йилда СССР (Россия) Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониб, ярим дунёни ўз таъсири остига олди. 1985 йилда собиқ шўро иттифоқини ислоҳ қилиш мақсадида қайта қуриш сиёсати бошланди.
Кўриниб турибдики, ушбу тарихий воқеаларнинг содир бўлишида 40 йиллик қатъий даврийлик мавжуд. Тарихнинг бундай тартибидан келиб чиқадиган бўлсак, 2025 йилда Россияда қандайдир яна бир муҳим ҳал қилувчи ҳодиса рўй бериши кутилади. Воқеалар оқими шуни кўрсатмоқдаки, келгуси ўнйилликлар Россия империяси учун ниҳоятда мураккаб давр бўлади. Ҳокимият тепасига ўнг радикал кучлар чиқиб, империяни охиригача парчалаб ташлайдилар. Бизнинг фикри ожизимизга кўра, тарихи ва тақдири ғоят чигал кечган бу мамлакатда чинакам ижобий ўзгаришлар яна 40 йилдан сўнг – 2065 йилда бошланса ажаб эмас.
Худойберди КОМИЛОВ, сиёсий шарҳловчи.