Сиз яхши раҳбармисиз? (Ўзига бино қўйганлар ўқимасин)
Албатта, гарчи айрим қусурларини пинҳона тан олса-да, ҳеч қайси раҳбар ўзини ёмон ёки вазифамга номуносибман, демайди. Аммо ўз фаолиятига четдан қараб қўйиш фойдадан холи эмас.
Ижтимоий тармоқлардаги сўровлар натижасига кўра яхши раҳбар қуйидагиларга эга бўлмоғи лозим:
- ҳалол, покиза, ўқиб олинган мутахассислик ва дипломга;
- маслаҳат бера оладиган, ўзи ҳурмат қиладиган устозга;
- борига шукур қилиш ва қаноатга;
- кундалик нашр ва ижтимоий тармоқларни кузатиб бориш, вақт топганда китоб ўқиш кўникмасига;
- биров ҳақида маълумот берувчи ғийбатчиларни эшитмаслик хислатига;
- ўзини бўлар-бўлмасга мақтовга йўл қўймасликка;
- эътирозлар кўпайгач ёки ёши ўтиб қолганда лавозимни тарк эта олиш иродаси.
Қуйидагилар раҳбар фаолиятининг асосий тамойиллари ҳисобланади:
- режа туза билиш, ҳар бир ходимнинг функционал вазифасини белгилаб бериш;
- режа ижросини доимо назорат қилиш;
- ўзига муносиб шогирд, ўринбосар тайёрлаш;
- ўз соҳаси бўлинмаларидаги вазиятдан хабардор бўлиш.
- ходимларга мажлисдаги нутқи, маслаҳат эмас, балки шахсий ибрати орқали сабоқ бериш;
- таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликка берилмаслик;
- жамоада ошкораликни таъминлаш.
Хўш, бир ўйлаб, таҳлил қилиб кўрингчи, сизнинг фаолиятингизда ушбу тамойил, принцип ва хислатлар борми? Бор бўлса – кўп яшанг, ишни қўрқмасдан давом эттиринг. Акс ҳолда… бошқа жойдан иш топинг.