Словения ҳукумати мамлакатда COVID-19 эпидемияси тугаганлигини эълон қилди
- 15.05.2020 22:00
- 127
- Хориж
Словения ҳукумати 14 май куни онлайн ўтказилган йиғилишда инфекция тарқалиш кўрсаткичлари етарли даражада пасайганини ҳисобга олиб, мамлакатда коронавирус эпидемияси тугаганлиги ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда 15 май куни мамлакат Вазирлар кенгаши хабар берди.
“Пайшанба куни масофадан туриб ўтказилган йиғилишда SARS-CoV-2 (COVID-19) инфекцияси эпидемияси тугаганлиги ҳақида қарор қабул қилинди. Жамият саломатлиги миллий институти (NIJZ) коронавирус тарқалиши халқ орасида сезиларли даражада пасайганини аниқлади”, дея маълум қилди ҳукумат вакили.
NIJZ тақдим этган сўнгги маълумотга кўра, мамлакатда касаллик қайд этилган кундан бошлаб 66 мингдан ортиқ тест таҳлили ўтказилган. Жами 1465 нафар касалланиш ҳолати қайд этилган ва 103 нафар бемор вафот этган. Сўнгги кеча-кундузда атиги бир нафар касалланиш ҳолати қайд этилган.