Соч қопчасида янги тола пайдо бўла бошлаганда, эскиси тўкилиб кетади

Инсон чиройининг 80 фоизи юз териси текислиги ҳамда сочларнинг соғлом кўриниши билан ўлчаниши исботланган. Аммо турли сабабларга кўра, соч тўкилиши, жилосини йўқотиши мумкин. Бу ҳолат барчамизни бирдек ташвишга солиши тайин. Ушбу қизиқарли мавзуда ССВ матбуот хизмати мутахассисга мурожаат қилди.

- Бошда ўрта ҳисобда 50 мингдан 150 мингтагача соч толаси бўлиши меъёр ҳисобланади, - дейди Республика ихтисослаштирилган дерматология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари Илҳом Раҳимов. - Соч фолликуладан ўсиб чиқади. Фолликула остида эса соч қопчаси жойлашган бўлиб, у ерда соч илдизи ривожланади.

Соч қопчасида янги тола пайдо бўла бошлаганда, эскиси тўкилиб кетади. Бу табиий жараён. Яъни, ҳар куни 60-100 донагача соч тўкилиши мумкин. Ўртача 2 йилдан 4 йилгача яшайдиган соч толаси асосан кундузи ва кўпроқ баҳор ҳамда ёз ойларида нисбатан тезроқ ўсади.

Соч - инсон организмидаги энг нозик ва энг “жонкуяр” аъзолардан бири. Чунки унинг тўкилишига тананинг бошқа аъзолари касалланиши ёки асаб толаларининг таранглашиши сабаб бўлади.

Сочнинг меъёридан ортиқ тўкилиши аввало, нерв тизимининг умумий аҳволи бузилиши туфайли бошланади. Бунга ички секреция безлари, жигар, меъда-ичак йўли аъзолари фаолиятининг бузилиши, витамин етишмаслиги ёки соч фоликулалардаги туғма нуқсонлар ҳам туртки бўлиши мумкин.

Себорея (ёғ ажралишининг бузилиши) натижасида ҳам сочнинг эрта тўкилиши эҳтимоли бор. Тана ҳароратининг баъзи инфекцион касалликлар оқибатида узоқ вақт юқори бўлиши, захмга чалинганда ва оғир операциялардан сўнг баъзида соч тўкилади. Бошнинг сочли қисми терисига замбуруғ юққанлиги натижасида ҳам сочларимиздан айрилишимиз мумкин.

Асабий зўриқиш, ўта чарчаш ва бошқалар оқибатида кўпинча соч уя-уя ёки думалоқ-думалоқ бўлиб тўкилади. Баъзан имтиҳон даврида ўта толиқиш, уйқусизлик оқибатида ўқувчиларда ҳам соч камайиши кузатилади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими ахборотида.