Сўфи Оллоҳёр, Шавқий, Ҳакима, Мирий, Қори Муҳаммад ижоди зиёлилар эътиборига муҳтож

Яқинда Тошкентда Миллий боғда янгитдан яратилган Адиблар хиёбони тўғрисидаги телелавҳани кўриб ва унда давлат раҳбарининг иштироки ҳамда мулоҳазаларидан сўнг кўнглимдан ана шу гап ўтди.

Дарҳақиқат, адабиётнинг қудратли сўзи ҳамиша миллат маънавиятига асосий манба бўлиб келган. Шу боис нафақат пойтахтда, балки вилоят ва туманларда ҳам улуғ адиблар меросини ўрганиш зарурлиги айтилганда, ич-ичимдан қувондим. Чунки бу руҳиятимиз, ҳатто менталитетимиз, дунёга қарашимиз эврилаётган бир пайтда маънавий меросимизга таяниш, улуғларимизни улуғлаш ниятларимизни янада теран, ҳаракатларимизни янада шиддатли қилади.

Шу ўринда бир мулоҳазам бор. Сўфи Оллоҳёр Самарқанд фарзанди, у ана шу табаррук заминда туғилиб вояга етган ва дунё маънавиятига “Маслак ул-муттақийн”, “Сабот ул-ожизин”, “Мурод ул-орифин”, “Сирож ул-ожизин”, “Фазл ул-нажот”, “Мағзан ул-мутиий” асарлари билан муносиб ҳисса қўшган. Шоир 1724 йилда Сурхондарёнинг Олтинсой туманига қарашли Ваҳшимор қишлоғида вафот этган. Бу йил аллома таваллудига 375 йил тўлди.

1995 йилда Каттақўрғон шаҳар драма театрида Сўфи Оллоҳёрнинг 350 йиллиги ниҳоятда катта тантаналар билан нишонланган эди. Профессор Иноятулло Сувонқулов (жойлари жаннатдан бўлсин!) бу тадбирга бош-қош бўлиб, маъруза қилган эди. Менимча, карантин чекловлари олиб ташлангач, йил охиригача бўлса-да, алломанинг юбилейини ўтказганимиз маъқул. Шу ўринда, у табаррук зотнинг туғилган жойи тўғрисидаги турли маълумотларни ҳам аниқлаш керакка ўхшайди. Чунки бир манбада 1644 йилда Иштихон туманидаги Темирёр Оллоҳқули мулло Эшон хонадонида, иккинчи манбада эса 1645 йилда Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида дунёга келганлиги айтилган.

Яна бир гап, вилоят жамоатчилиги, ижодий зиёлилари асрлар адвомида маърифат маскани бўлиб келган Каттақўрғон шаҳрида яшаб ижод қилган Муҳаммадшариф Шавқий Каттақўрғоний, Ҳакима, Очилдимурод Мирий, Қори Муҳаммад номларини ҳам абадийлаштиришга бош қўшсалар нур устига аъло нур бўлар эди.

Эркатош ШУКУРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.