Соғлом юрак – соғлом ҳаёт

Шу шиор остида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилоят минтақавий филиалида аҳоли учун бепул чуқурлаштирилган кардиоскрининг кўриклар ташкил қилинди.

Бутунжаҳон артериал гипертонияга қарши курашиш куни муносабат билан ташкил этилган акцияда вилоятимизнинг 200 нафардан ортиқ аҳолиси марказнинг функционал диагностика бўлимининг етакчи мутахассислари томонидан ЭХО, ЭКГ, УЗИ ҳамда лаборатор таҳлиллар, кардиолог, окулист, невропотолог, эндокринолог кўрикларидан бепул ўтказилди.

- Тиббий текшурувлар натижасида аҳоли орасидан хавф гуруҳига оидлари ажратиб олинди, - дейди марказнинг маслаҳат поликлиника ва диагностика бўлими бошлиғи Жаҳонгир Санақулов. -  Беморларга ўз саломатлигига жиддий эътибор қаратиш ва ҳудудида ёки мазкур марказда даволаниши кераклиги тўғрисида тушунчалар бердик. Энг муҳими, шифокор ва мутахассисларимиз томонидан аҳолига юраги соғлом бўлса ҳаёти ҳам мазмунли бўлиши ҳақида эслатмалар тарқатдик. Албатта, бу каби тиббий текширувларни жойларда ҳам давом эттиряпмиз. 

Тадбирда аҳолига юрак-қон томир тизими касалликлари асосан кўпроқ жисмоний ҳаракати кам ёки нотўғри овқатланишдан келиб чиқиши  тушунтирилди. "Фаст-фуд"лар, ўта ёғли, қовурилган, холестеринга бой таомлар, ширинликлар, газли ичимликларни меъёридан кўп истеъмол қилиш, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмолига ружу қўйган, меъёридан ортиқ ва кам ухловчи кишиларда ҳамда руҳий зўриқиш ҳолатларида юрак безовталиги юзага келиши айтиб ўтилди.

-  Тўғриси, қон босимим кўтарилгани боис тез-тез тиббий кўрикдан ўтиб тураман, - дейди Паст Дарғом тумани, Балхиён маҳалласидан келган Ойзода Болтаева. - Бироз имкониятим бўлмагани учун тўлиқ текширувдан ўтолмагандим, бугунги бепул текширувдан ўтиб, ўзимни енгил ҳис қилдим. Албатта, энди шифокорлар берган тавсия асосида даволанишни бошлайман. 

Ҳусан ЭЛТОЕВ.