Сўлим шаҳарчаси қачон ўз номига мос бўлади?
Ўн мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Сўлим қўрғони - Самарқанд шаҳрининг чекка ҳудудларидан бири. Учта маҳалладан иборат мазкур шаҳарчанинг муаммолари кейинги йилларда барчанинг эътибор марказида бўлиб келяпти.
Шаҳарча аҳолиси қарийб 20 йилдан бери ичимлик сув, табиий газ, электр энергиясидаги узилишлардан безор бўлганди. Кўча ва йўлларнинг хароб аҳволи ҳамда ободончилик ишлари ташкил этилмаганлиги сабабли шаҳарча ўртасидан ўтган Дарғом канали ёқаларига тўкиб кетилаётган минглаб тонна чиқиндиларнинг бадбўй ҳидига чидаб бўлмай қолганди.
Уч йил илгари аҳоли мурожаатларидан сўнг вилоят ҳокими Э.Турдимов ташаббуси билан Наврўз, Ёшлик ва Чилқудуқ маҳаллаларида қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланди. Шаҳарча марказидаги Наврўз маҳалласига марказ қурилди. Кўчалар ободонлаштирилиб, асфальт қилинди. Янги кўчаларга тош тўкилди. Симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди, трансформаторлар янгиланди. Шаҳарча чиқиндилардан тозаланди.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан бошланган ишлардан сўнг шаҳарчамизга файз кириб қолди, - дейди “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Умаров. - Кўчаларимизнинг 80 фоизи асфальт қилинди. Маҳалламиздаги 3 та трансформатор кучайтирилди, биттаси янгиланди. Мингга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Бироқ Дарғом каналининг чап томонида яшаётган аҳоли маҳалла марказига келишда кўприкдан ўтишга қийналади. Айниқса, қиш кунлари мактабга қатнайдиган ўқувчиларга бу ҳолат ноқулайлик туғдиради.
Самарқанд шаҳри ҳокими янги кўприк қурамиз, деб ваъда берган эди. Бироқ дастурдан қолиб кетди. Шунингдек, совуқ кунлари Муҳандислар, Чавғон ва Мевали кўчаларидаги 200 га яқин хонадонга босими тушиб кетганлиги сабабли табиий газ келмай қолади. 2019 йилда шағал тўкилган ўнта кўча ҳалигача асфальт қилингани йўқ. “Махсус сув қурилиш инвест” компаниясига қарашли “М-3” МЧЖ ишчилари томонидан учта маҳалла бўйлаб 4,8 километр масофага оқова тармоғи тортилди. Бироқ олти ой ўтиб кетган бўлса-да, ҳануз канализация ишга тушгани йўқ. Камига асфальти кесиб олинган кўчалар қайтиб созланмади.
Уйимиз орқасидаги кўча остидан ичимлик сув тармоқлари ўтган, - дейди Кишинёв кўчасида яшовчи Гулсара Ҳазратқулова. – Лекин эскириб, тешилиб қолганлигидан ҳар доим ертўламизни сув босади. Бир неча марта “Сув таъминот” МЧЖ Самарқанд шаҳар филиалига мурожаат қилдик. Ниҳоят, жорий йилнинг июнь ойида келиб, қувурларни алмаштиришди, бироқ асфальт қилишни унутишди.
Онахоннинг ҳовлисида мевали дарахтлар орасида турган эски симёғочга кўзимиз тушди. Айтишича, яна 20 дан зиёд ҳовлида худди шунга ўхшаган симёғочлар электрчиларнинг ёдидан кўтарилиб алмаштирилмай қолган.
Шаҳарчанинг Ёшлик маҳалласида ҳам юқоридаги каби муаммоларни кўриш мумкин. 2019 йилда “Обод маҳалла” дастурига асосан ободонлаштириш ишлари олиб борилган бўлса-да, маблағ етишмаслиги сабабли кўп ишлар чала қолган. Жумладан, маҳалланинг ички кўчалари асфальт қилинмаган. Йўл четига бетон ариқлар ўрнатилмай қолган. Шунингдек, болалар майдончалари, спорт ўйингоҳи йўқ. Нуронийлар маскани хароба аҳволда. Сув оқова тизимлари ҳам ишлатилмаган.
Маҳалладошларимиз ҳар куни йўл инфратузилмаси ёмонлиги, шарт-шароит яратилмаганлигидан шикоят қилиб келишади, - дейди “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хуршида Қурбонова. – Бетон ариқлар ўрнатилмаганлиги сабабли ёмғир ёққанида кўчаларни сув босиб, хонадонларга кириб кетади. Бетон устунлар ўрнатилди, бироқ 60 дона эски симёғоч олинмади. Айрим кўчаларда бетон устунлар тармоққа уланмаган, тунги ёриткичлар қўйилмаган. Вилоят ҳокимининг сайёр қабулига бориб, муаммоларга ечим топишда ёрдам сўрадик.
Маҳалла раиси 10-оилавий поликлиникага қарашли Сўлим филиалининг олдидаги эски шифохона ўрнида болалар майдончаси ва спорт ўйингоҳи қуриш ташаббуси билан чиқаётганини таъкидлади. Бироқ 1 гектарга яқин ер вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли бўлганлиги учун ажратиб бериш қийин бўлаётганини айтди.
Чилқудуқ маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари бошқаларидан қолишмайди. Муаммолари ҳам қўшни маҳаллаларникига ўхшаш. Кўчалар абгор, ариқлар кўмилиб кетган, табиий газ босими паст, симёғочлар алмашмаган...
- Кўчаларимизга тош тўкишди, лекин асфальт қилинмади, - дейди маҳаллада яшовчи 80 ёшли Шароф Маърупов. - Ирригация тармоқлари йўқлигидан кўчалар кўлга айланиб боряпти. Болаларимиз мактаб ва боғчага боришга қийналишади. Биз, қариялар эса маҳалла марказига бормай уйда қамалиб ўтирамиз. Чунки, дарвозамиз олди ёмғир сувига тўлади. Қаттиқ шамол бўлса, “свет” ўчади. Кўчаларимиз тунги ёритиш чироқлари йўқлиги сабабли, зим-зиёга айланади.
Маҳаллаларни айланар эканмиз, ҳар бир кўчадан ўтганимизда қоп-қоп чиқинди уюмига ва уларни титаётган итларга кўзимиз тушади. Хазонрез вақти эмасми, шамол баргларни бир кўча қилиб “айлантирмоқда”. Айтишларича, тўрт ҳафтадан буён чиқинди ташиш машинаси келмаётган экан.
- Ҳар ҳафта жума куни “Мароқандобод” ДУК машиналари келиб шаҳарчани айланиб, йиғилган чиқиндиларни олиб кетар эди, - дейди Наврўз маҳалласида яшовчи Равшан Аҳмедов. – Лекин мана 3-4 ҳафтадирки, келгани йўқ. Ҳамма жой чиқиндига тўлиб кетди. Барг-хазонларни тўплаб, ёқиб бўлмаса... Шусиз ҳам каналнинг ёқаси чиқиндига тўлиб кетган.
10-оилавий поликлиника филиалида ҳам қатор муаммолар бор экан. Ўн минг аҳоли яшайдиган шаҳарчага битта ҳам “тез ёрдам” машинаси ажратилмаган. Оғир беморларни Самарқанд шаҳридаги тез ёрдам бўлимига олиб боришга мажбур бўлишмоқда.
Хуллас, Сўлим шаҳарчасида уч йил илгари бошланган “Обод маҳалла” дастурлари тўлиқ амалга оширилмаган. Қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари чала қолган. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари шаҳарчага бориб, ишларни назоратга олмаса бўлмайди. Сўлим шаҳарчаси ўз номига мос ҳолда сўлим масканга айланиши керак.
Дилмурод Тўхтаев.
***
Бахтиёр Мустанов олган суратлар.