Сўнгги 4 йилда шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган

Экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳадаги муаммоларни кўрсатиб ўтди.

Бу йўналишга масъул бўлган Экология қўмитаси, бошқа идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг ташаббус ва амалий ишлари кўринмаётгани танқид қилинди.

Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади.

Ер усти ва ости сув сатҳининг кескин пасайиши ҳам экологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларда маиший чиқиндиларни хусусий шериклик асосида бошқариш бўйича режа қилинган 62 та лойиҳадан бор-йўғи 15 тасига тадбиркор жалб қилинган. Бу борада Бухоро, Наманган, Фарғонадан ташқари бошқа бирорта ҳудудда ишлар якунига етказилмаган.