Сортойлик фуқаро Тамара ОТАҚУЛОВА: Ғамхўрликдан мамнунман

Тамара опа Пайариқ туманининг Баҳор маҳалласи Сортой қишлоғида яшайди. 65 ёшга кирган онахон уч нафар фарзанднинг онаси.

Кейинги йилларда бронхит астма касаллигига учрагач, бир неча шифохоналарда даволанди. Бунинг учун анча маблағ сарфлашига тўғри келди. Шунинг учунми рўзғорида бироз етишмовчиликлар кузатилди.

Буни англаган Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган Жамоатчилик назорати гуруҳи таркибидаги 2-ишчи гуруҳ аъзолари маҳалладаги ўрганиш давомида Тамара опага кўмаклашишга қарор қилишди. Дастлаб онахон хонадонига “Болта” қишлоқ врачлик пункти тиббиёт ходимлари чақирилди. Шифокор Шуҳрат Ғозиев Т.Отақулованинг саломатлигини текшириб, унга туман шифохонасида имтиёзли даволаниш учун йўлланма берди.

Шунингдек, ҳомий ташкилот ва тадбиркорлар онахоннинг фойдаланилган табиий газ тўловидан бўлган мавжуд қарздорлигини тўлаб беришга келишиб олди.

- Очиғи, баъзида рўзғор ташвишлари ёки етишмовчиликлар туфайли саломатлигимизга беэътибор бўламиз ва коммунал тўловлардан қарзимиз ортиб кетади, - дейди Тамара Отақулова. – Айни пайтда бизда шу аҳвол кузатиляпти. Раҳмат, бугун вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган гуруҳ аъзолари хонадонимизга келиб, кўплаб муаммоларимиздан фориғ қилди. Бунинг учун миннатдорман. Албатта, бу ғамхўрликдан биз боқимандалик кайфиятига тушмаймиз. Аксинча, бу кўмак туфайли қаддимизни тиклаб, давлатимизга фойда келтириш учун меҳнат қиламиз, томорқа ва бошқа имкониятлардан самарали фойдаланамиз.