Совуқ ҳаво туфайли Самарқандда 46 фоиз давлат боғчалари ишламаяпти
Бугун вилоятда 733 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари бўлса, улардан 400 таси, яъни 54 фоизи аномал совуқдан кейин 23 январдан ишга тушган. 220 таси сариқ ҳудуддаги боғчалар деб топилиб, электр энергияси, табиий газ босими яхшиланиши билан ишга тушади, қолган 113 таси қизил ҳудуддаги боғчалар бўлиб, уларда иситиш тизимидаги муаммолар сабаб ҳозирча иситишнинг имкони бўлмаяпти. Бу ҳақда вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
2022 йилда вилоятда 435 та мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, қўшимча 47179 нафар болалар мактабгача таълим билан қамраб олинди, - деди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Мамиров. – Шунингдек, 274 та бир йиллик бепул мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, 8433 нафар 6 ёшли болалар қамраб олинди. Натижада 6 ёшли болалар қамрови 91 фоизга етказилди. Ўтган йили мактабгача таълим ёшидаги болалар қамрови 69,7 фоизга етди.
Шунингдек, вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида 20 та, яъни Ургут туманида 6 та, Нуробод туманида 6 та, Қўшработ туманида 8 та замонавий давлат мактабгача таълим ташкилотлари қуриб, фойдаланишга топширилди. Қурилишга вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 26,9 млрд сўм ажратилди.
Инвестиция дастурига кўра, вилоятда 20 та 920 ўринли (реконструкция) ва “Обод қишлоқ” дастури бўйича 14 та 810 ўринли (10 янги, 5 та реконструкция) давлат мактабгача таълим ташкилотларининг бинолари фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, 10 та мактабгача таълим ташкилотларининг моддий техник базасини яхшилаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 7,1 млрд. сўм ажратилди.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, ўтган йили янги ташкил этилган боғчалар ҳисобидан 2917 та янги иш ўрни яратилган.