Совуқ кунларда қандай чойлар тавсия этилади?

Донолар очиқ рангли чойлар йилнинг иссиқ вақти учун, ранги ўткир чой эса совуқ кунларга хос, деб ҳисоблашган. Бу жуда оддий ва эсда қоларли қоида. Шундан келиб чиқиб, қишни қора чой мавсуми, дейишимиз мумкин. Қора чой бошқа чой навлари билан солиштирганда энг кучли иситувчи таъсирга эга.

Қишда биз тез-тез шамоллаймиз ва кўпда бунинг сабаби вирусли касалликлар бўлади. Кўк чой одам организмига микроблар ва вирусли инфекциялар билан курашишда ёрдам беради. Унинг таркибида яллиғланишга қарши фойдали моддалар ҳамда иммунитетни мустаҳкамловчи С витамини мавжуд.

Қиш кунида совуқ ҳавода кўп туриб қолганларга зудлик билан занжабилли чой ичиш тавсия этилади. Бу чой кучли даволовчи таъсирга эгалиги билан қимматли. У қонни иситади ва вирусларга қарши кучли таъсирга эга. Занжабилли дамлама организмни қиздиришини инобатга олиб, уни юқори тана ҳароратидаги беморларга бериш тавсия этилмайди. Шунингдек, ҳомиладорликнинг дастлабки ойларида, овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларида, жигар етишмовчилигида ҳам занжабил истеъмоли тақиқланади.

Ясминли чой асаб тизимига ижобий таъсир ўтказади. Руҳий зўриқиш ва тушкунликка қарши курашиш, сурункали чарчоқни бартараф этишда муҳим ҳисобланади. Бундан ташқари у тана ҳимоя хусусиятларини ошириб, саломатликни мустаҳкамлайди. Натижада, инсонда сезувчанлик ҳисси ўзгаради, ташвиш ва қўрқув ички хотиржамликка йўл беради.

Ясмин чойи организмда модда алмашинувини фаоллаштириш билан ортиқча вазндан халос этади. 

Барча яхши хусусиятлари билан бир қаторда ясминли чой юрак-қон томир тизими ва буйрак касалликлари билан оғриган беморларга тавсия этилмайди.

Мойчечакли чой қандай касалликларга даво?

Мойчечак дамламаси ҳазм билан боғлиқ муаммоларни бартараф этади. Ичакларни, ошқозон фаолиятини яхшилайди, қайт қилиш ва жиғилдон қайнашида самара беради. Саратоннинг олдини олади. Таркибидаги апигенин сабаб саратонга қарши самарали восита ҳисобланади. Тинчлантирувчи таъсирга эга экани сабаб мигренда мойчечакли чой ичиш ёрдам беради. Холестеринни камайтиради. Томир тортишишини ҳам бартараф қилади.

Ялпиз витаминларга бой таркиби билан шифобахш ичимликлар орасида алоҳида ўрин тутади.

Унинг асосий унсури бўлган ментол - юрак-қон томир, овқат ҳазм қилиш, асаб тизимлари фаолияти учун фойдали. Ичимлик меъда ширасининг мувофиқлаштиради, яллиғланиш ва оғриқни йўқотади, овқат ҳазм қилиш тизимини меъёрда тутади. Наматак танадан токсинларни чиқариб ташлаш хусусиятига эга. Шифокорлар ушбу дамламани тонгги кўнгил айнишидан азият чекувчи ҳомиладорларга ҳам тавсия этишади.

Наматак дамламаси қон томирлари учун айниқса, фойдали. Қон босимини пасайтиришга ёрдам беради. Овқат ҳазм қилиш органларига фойдали таъсир кўрсатади, яллиғланиш билан курашишда самарали ёрдам беради, пешоб йўллари касалликларида антисептик таъсир кўрсатади.

Наматак таркибидаги витаминлар ҳисобига чемпионликка даъвогар бўла олади. Унда лимонга қараганда 50 баробар кўпроқ аскорбин кислотаси мавжуд. Шунинг учун наматак дамламаси иммунитетни мустаҳкамлашда тенгсиз.

Инсон ҳаёти давомида эгаллаб борадиган энг зарурий илм бу яшаш илмидир. Ҳар бир соҳада меъёрларни унутманг!

Ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асранг.

Д.Холиқова