Спорт федерацияларидаги муаммолар: Натижалар қониқарсиз, ҳомийлар бириктирилмаган, терма жамоага спортчилар етказиб берилмаяпти

Яқинда Президент раислигида 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бадминтон, ядро, диск, найза улоқтириш, сакраш, енгил атлетика, сув спорти, ўқ отиш ва яна бир нечта спорт турлари бўйича натижалар қониқарли эмаслиги танқид қилинди.

 Хўш, Самарқандда-чи? Аҳвол қандай?

Спорт турларига эътибор қаратиляптими, спорт федерацияларининг натижалари қониқарлими, ҳомийлар бириктирилганми, спорт федерациялари терма жамоага спортчи етказиб беряптими? Бу саволларга вилоятдаги спорт федерациялари масъулларидан жавоб олдик.

Волейбол спорт клуби нега ташкил этилмаяпти?

Вилоятда  24 та олимпия, 4 та миллий, 35 та ноолимпия спорт федерацияси фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, волейбол спорт туридан 91 нафар мураббий қўл остида 2800 нафар ўғил-қиз шуғулланади. Волейбол федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Ғолиб Махсумовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига уч нафар спортчи қабул қилинган бўлса, кейинги йилларда терма жамоага спортчилар етказиб берилмаяпти. Чунки спортчиларнинг шуғулланиши учун база йўқ, федерация учун бино ажратилмаган, спорт жиҳозлари етишмайди.

- Қайсидир ташкилот  мусобақаларни ташкил этишда ёрдам сўраса, фақат мусобақа низомини тузиб берамиз ва ҳакамлик қиламиз, - дейди  Ғ.Махсумов. - Доимий мусобақалар ўтказиш, сафар турнирларида қатнашиш ва юқори натижаларга эришган спортчиларни тақдирлашга маблағ йўқ. Биз эса жамоатчилик асосида ишлаймиз, ходимларга маош тугул, рағбатлантириш ҳам берилмайди. Шундай бўлса-да, ёшларнинг қизиқиши ва уларнинг спорт формасида бўлиши учун имкон даражасида спорт мактаблари тренерлари ҳамкорлигида мусобақаларни ўзимиз ташкил қиламиз. 

- Президентимизнинг 2024 йил 19 июндаги “Волейбол спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқандда иқтидорли спортчиларни саралаш тизимини яхшилаш, волейбол  спорт тури бўйича замонавий спорт инфратузилмасини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида волейбол спорт клуби ташкил этилиши керак эди, - дейди волейбол бўйича вилоят терма жамоаси бош мураббийи Жўрабек Набиев. – Биз қарор асосида ушбу клуб фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида вилоят спорт бошқармасига лойиҳа тайёрлаб бердик. Лойиҳа вилоят ҳокимлигига тақдим этилгани айтилди. Бироқ орадан бир йил вақт ўтган бўлса-да, масала сувга чўккан тош каби жимиб кетди.

Бадминтон олимпия спорти тури, аммо...

Бадминтон олимпия спорт турига киради. Федерациянинг вилоят бўлими 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, шуғулланиш учун база ажратилган.

- Ҳозирги кунда 25 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида 1300 нафардан зиёд ёшлар бадминтон билан шуғулланиб келмоқда, - дейди бадминтон федерацияси вилоят бўлими ижрочи директори Марат Муҳаммадиев. - Федерация томонидан республика терма жамоасига бор-йўғи 2 нафар спортчи етказиб берилган. Чунки аксарият ҳудудларда кадрлар, спорт жиҳозлари етишмайди. Ҳомийлар бириктирилмагани ва маблағ йўқлиги учун мусобақалар ҳам деярли ташкил этилмайди. Вилоятда бадминтон спорт турини ривожлантириш борасида тадқиқот ҳам олиб боряпман. Жумладан, яқинда бадминтон билан шуғулланувчилар учун “Badminton” мобил иловаси ва “Badminton academy” онлайн платформасини яратдим. Ушбу платформалар орқали инновацион усулда ушбу спорт турини ўрганиш мумкин. Бироқ машғулотларни амалда бажариш талаб этилади ва бунинг учун қулай шароит бўлиши керак.

Спорт мактабларида регби йўналиши нега йўқ?

Регби федерациясининг вилоят бўлими 2017 йилда ташкил этилган. Бироқ 2020 йилда фаолият бошлаган. Айни пайтда 10 нафар тренер қўл остида 200 нафарга яқин ёшлар шуғулланади. Вилоятда мазкур спорт турига ихтисослашган махсус база йўқ, ҳомийлар йўқ. Шу сабабли  машғулотлар Тойлоқ туманидаги спорт мактабида олиб борилади.

Регби спорт тури бўйича вилоят терма жамоаси бош тренери Зафар Бердиқуловнинг маълум қилишича, саккиз йиллик фаолият давомида регби бўйича миллий терма жамоанинг асосий ва захира таркибига 12 нафар спортчи қабул қилинган, холос. Ушбу олимпия спорт турининг ривожланмаётганига асосий сабаб вилоятдаги аксарият спорт мактабларида регби спорт тури йўналиши йўқ ва тренерларга штат ажратилмаган.

Федерациялар рейтингига кўра, дзюдо, эшкак эшиш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, гимнастика, кураш ва самбо спорт федерациялари яхши натижа кўрсатаётган бўлса, 20 га яқин спорт тури - баскетбол, сузиш, гандбол, пенчак силат, эркин кураш, қиличбозлик, от спорти, волейбол, спортнинг техник ва ўқ отиш, теннис федерациялари қониқарсиз натижа қайд этмоқда. Мисол учун, ўқ отиш федерациясининг вилоят бўлими бир йилдан бери фаолият кўрсатмаётган бўлса, кейинги йилларда кикбоксинг, шотакан каратэ, ўзбек жанг санъати федерациялари Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибига спортчи етказиб бермаяпти.

Спорт федерацияларидаги ушбу муаммолар ечими, уларнинг мониторинги бўйича маълумот олиш учун вилоят спорт бошқармасига мурожаат қилдик. Афсуски, “Федерациялар алоҳида ташкилот, бизга қармайди, уларни назорат қилувчи ташкилот бириктирилмаган” деган жавобдан бошқа ҳеч нарса ололмадик.

Айтиш жоизки, спорт федерацияларига вилоятдаги сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот масъуллари ва спортчи-тренерлар бириктирилган. Аммо улар жамоатчилик асосида ишлайди. Шунинг учун мусобақалар ўтказиш, шуғулланиш учун базалар йўқлиги, спортчиларни рағбатлантириш, спорт анжомлари ва кадрлар билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Шунингдек, федерацияларнинг фаолиятини мониторинг қиладиган ташкилот йўқ. Тўғри, федерациялар нодавлат ташкилот, лекин уларга имтиёзлар берилмаган, қўшимча грантлар, рағбатлантиришни назарда тутувчи меъёрлар ҳам белгиланмаган.

Хуллас, ушбу муаммоларни айтган билан амалда ҳал қилинмаса, муаммолигича қолаверади.

Фазлиддин Рўзибоев.