Спорт хабарлари
Каратэ
Болалар ва ўсмирлар ўртасида вилоят биринчилиги ўтказилди. Беллашувларда 100 нафарга яқин ёш каратэчилар орасидан 12 нафари жорий йилнинг 15-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон кубоги мусобақалари учун саралаб олинди.
Спорт рақси
“Samarkand open-2019” халқаро турнири ташкил этилди. Республикамизнинг барча вилоятлари ҳамда Қозоғистондан келган 150 нафардан ортиқ болалар, ўсмирлар, ва катталар яккалик ҳамда жуфтлик баҳсларида ўз маҳоратини намойиш этишди. Якунда Тошкент шаҳридан келган иштирокчиларнинг чиқиши 1-ўринга лойиқ кўрилди. 2-3 ўринлар мезбонлар ҳамда бухороликларга насиб этди.
Акробатика
Самарқанд шаҳридаги гимнастикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида 2001 йилда туғилган ҳамда ундан кичик ёшдаги 100 нафарга яқин ўғил ва қиз болалар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилди.
Ўғил болалар ўртасида А.Саади ва Ж.Давронов жуфтлиги 1-ўринга лойиқ кўрилди. Қизлар жуфтлигида Ш.Жумаева ва П.Жумаеваларга тенг келадигани топилмади.
Миллий кураш
2002-2003 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида вилоят чемпионати бўлиб ўтди.
Вилоятимизнинг барча ҳудудидан келган 200 нафарга яқин ёш курашчилар 11 вазнда гиламда бел олишди. Якунда Х.Муҳиддинов, Ж.Мавлонов, А.Нортожиев, Х.Чориев, А.Норбўтаев, Х.Ғайбуллаев, Ш.Бекмуродов, Б.Холимов, Д.Яҳёев ва Қ.Нўмонов ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.
***
Пайариқ туманидаги 81-умумий ўрта таълим мактабида туман биринчилиги ўтказилди.
Муросасиз кечган баҳс якунида умумжамоа ҳисобида тумандаги 83-мактаб курашчилари биринчи ўрин билан тақдирланди. Иккинчи ва учинчи ўринлар 81- ва 84-мактаб ёшларига насиб этди.
Волейбол
Жиззах вилоятида 2004-2005 йилда туғилган ўғил ва қизлар ўртасида Республика очиқ турнири ўтказилди.
Мусобақада Ургут туманидаги 48-умумий ўрта таълим мактабининг қизлар жамоаси 2-ўринни қўлга киритган бўлса, тумандаги 63-мактабнинг ўғил болалар жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Бекзод АҲМЕДОВ.