Спорт хабарлари: Автомодель, анъанавий каратэ-до, таэквондо-WТ, баскетбол
Автомодель
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Самарқанд бирлашган техника мактабида автомодел спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан иштирокчилар ғолиблик учун баҳслашди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, фарғоналиклар Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Сурхондарё ва Бухоро вилояти ёшлари кейинги ўринлардан жой олди.
Анъанавий каратэ-до
Самарқанд шаҳрида спортнинг анъанавий каратэ-до тури бўйича вилоят очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Бухоро, Тошкент, Қашқадарё ҳамда Самарқанд вилоятларидан 284 нафар иштирокчи беллашди.
Мусобақа натижасига кўра, умумжамоа ҳисобида Самарқанд вилояти ёшлари биринчи, қорақалпоғистонликлар иккинчи ва Бухоро вилояти жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
Таэквондо-WТ
Ушбу спорт тури бўйича ўтказилган вилоят очиқ чемпионатида Тошкент, Бухоро, Сирдарё, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидан 200 нафар спортчи иштирок этди.
Умумжамоа ҳисобида Самарқанд вилояти биринчи ўринни қўлга киритди.
Кейинги ўринлар Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари ёшларига насиб этди.
Баскетбол
16-18 ёшли ўсмирлар ўртасида баскетбол бўйича “Мустақиллик кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларидан 180 нафар спортчи иштирок этган турнирда самарқандликлар биринчи бўлди. Бухоролик ва сирдарёлик ёшлар кейинги ўринларни эгаллади.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.