Спорт хабарлари: Таэквондо, бадиий гимнастика, кураш, ўзбек жанг санъати

Таэквондо WТ

Самарқанд шаҳрида спортнинг таэквондо WТ тури бўйича ёшлар (U14) ҳамда (U17) олимпия вазнлари бўйича Ўзбекистон кубоги баҳсларида беллашди.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республика ва барча вилоятлардан 700 нафар ёш спортчи ғолиблик учун курашди. 4 кун давом этган мусобақа ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси мураббийларига жамоанинг захира таркибини шакллантириш, иқтидорли спортчиларни саралаш имконини берди.
Спортчилар 10 та вазн тофасида жанг қилди ва ғолиблар мусобақа ташкилотчилари томонидан тақдирланди.

Бадиий гимнастика

Спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида «Грация востока - 2023» очиқ биринчилиги бўлиб ўтди.
Унда Қирғизистон, Қозозғистон ҳамда Тошкент ва Самарқанд шаҳри жамоаларидан иборат 105 нафар бадиий гимнастикачи беллашди.
Мусобақа якунига кўра, Самарқанд шаҳри спортчилари умумжамоа ҳисобида мусобақа ғолиби деб топилган бўлса, кейинги ўринларни қирғизистонлик спортчилар ва Тошкент шаҳри спортчилари банд этди.

IFK каратэ
Жорий йилнинг 7 май куни «IFK каратэ» бўйича вилоят очиқ биринчилиги ўтказилди. Мусобақада тошкентлик ва самарқандлик 100 нафар спортчи куч синашди.
Мусобақада Самарқанд шаҳри спортчилари биринчи, тошкентлик спортчилар иккинчи ва Каттақўрғон шаҳри каратэчилари учинчи ўринни қўлга киритди.

Кураш

Вилоятимизда «9 май - Хотира ва қадрлаш куни»га бағишлаб 2010-2011 ва 2012-2014 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида кураш бўйича «Кураш Kids» очиқ турнири ташкил этилди.
Унда республикамизнинг барча вилоятидан келган спортчилар 20 вазн тоифасида курашди. Турнир натижасига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчилик самарқандлик спортчиларга насиб этган бўлса, кейинги ўринларни Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари жамолари эгаллади.

Ўзбек жанг санъати

Самарқандда ўзбек жанг санъати бўйича вилоят саралаш чемпионати ўтказилди. Чемпионатда вилоятнинг саккиз ҳудудидан 250 нафарга якин спортчи иштирок этди.
Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Самарқанд шаҳри жамоаси эгаллади. Паст Дарғом тумани жамоаси иккинчи ва Ургут тумани ёшлари учинчи ўринни банд этди. Якунда ғолиб спортчилар вилоят терма жамоасига саралаб олинди.

Шуҳрат Каримов