Спортми, ваҳшийликми?

Бундан бир неча дақиқа аввал АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳридаги UFC Apex аренада UFC турнири бўлиб ўтди. Уни тонгдан ухламасдан томоша қилганлар анча...

Рақиблар бир-бирини куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қиляпти. Ташқаридан “Уни янчиб ташла!”, деган ҳайқириқлар эшитилади. Ва жанг бошланди...

Майдондаги икки мушакдор "спортчи" вазифасига кўра бир-бирини юзинг-кўзинг демасдан аёвсиз зарбалар билан “сийлашга” тушди. 

Англаган бўлсангиз, мулоҳазамизни спортнинг ММА тури ҳақида юритмоқчимиз.

Спорт иродани тоблайди, интизом ва мақсад сари етаклайди. У чин маънода соғлом ҳаёт, гўзаллик яратувчиси. Аммо рақибини аёвсиз уриб-тепиб ғалаба қозониш “санъати”ни спорт тури десак бўлармикин? Кимгадир тан жароҳати етказиш, уриб майиб қилиш ва умрига зомин бўлишдек “ўйин” турини сиз нима деб атаган бўлардингиз?

Жангни кузатсангиз, бу спорт эмас ваҳшийликнинг ўзи эканлигига амин бўласиз. Ушбу "ўйин"да аёлларнинг ҳам иштирок этаётганлиги янаям ачинарли.

Рақибларнинг олишуви гўёки қадимги Римда уюштирилган гладиаторлар жангига ўхшайди. Бу спорт туридан инсон қандай ижобий фазилат ўзлаштириши мумкин? Қолаверса, муқаддас динимизда ҳам ҳар қандай зулм, зўравонлик қатъиян ман этилган-ку.

Бизнингча, спорт инсонийликка мос бўлиши керак. Нафис ҳаракатларни ўзига сингдирган бадиий гимнастика, шижоат ва чиройли хатти-ҳаракатларни намоён этадиган футбол, хоккей, теннис, сузиш ва бошқа ўйин турлари каби одамлар спортчининг маҳоратидан завқлансин, унинг иқтидорига таҳсин айтсин.

Сиз нима дейсиз?

Абдуғаффор Абдураҳмонов.