Қўл жанги: Самарқанд вилояти ҳокими кубоги кимга насиб этди?
Самарқанд шаҳрида қўл жанги бўйича “Самарқанд вилояти ҳоким кубоги” мусобақаси ўтказилди. Беллашувда вилоят ички ишлар, миллий гвардия, ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар ва божхона бошқармалари, ҳарбий хизматчилар ҳамда вилоят қўл жанги федерацияси жамоаси ўзаро баҳс олиб борди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқиб, кейинги йилларда мазкур спорт тури вилоятимизда анча ривожлангани ва нуфузли мусобақаларда Самарқанд шарафини ҳимоя қилиб юқори ўринларга эга бўлаётганлар сони ошаётганини таъкидлади. Шунингдек, қўл жанг бўйича икки карра Ўзбекистон чемпиони, яқинда Беларусь давлатида ўтказилган жаҳон кубоги баҳсида кумуш медални қўлга киритган Наргиза Нарзиқуловага ташаккурнома ва эсдалик совғаси топширди.
Мусобақада умумжамоа ҳисобида вилоят ички ишлар бошқармаси жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, кубок эгаси бўлди. Иккинчи ўринни вилоят миллий гвардия бошқармаси жамоаси эгаллади, учинчи ўрин вилоят қўл жанги федерацияси жамоасига насиб этди.
Ҳусан Элтоев.