Суд-ҳуқуқий тизимига оид мурожаатлар республика раҳбарияти томонидан ўрганилмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Исломов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вилоятимизга ташриф буюриб, жойларда оммавий қабуллар ўтказмоқда.
Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида ташкил этилаётган ушбу тадбирларда Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар Олий Кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги раҳбар ходимлари мурожаатчилар муаммосини тинглаяпти.
Бундай мулоқот дастлаб Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ташкил этилди. Унда Самарқанд шаҳридан ташқари Паст Дарғом, Нуробод ва Самарқанд туманидан жисмоний ва юридик шахслар иштирок этди.
- Жойларда муаммолар йўқ эмас, бор, - дейди Судьялар Олий Кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров. - Бу табиий жараён, аммо уни ҳал қилиш учун давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, жойларда бугунгидай мулоқотлар узлуксизлиги доимий диққат марказимизда бўлиши шарт. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ўтказилаётган сайёр қабулларда мурожаатлар сони боргани сари камайиб бормоқда. Бунда албатта, олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлар ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Мисол учун, давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиш ҳам турли сарсонгарчилик, бюрократик тўсиқлар оқибатида юзага келадиган мурожаатларни кескин қисқартирди.
Умуман, қабулларга келаётган мурожаатчиларни шартли равишда бир неча тоифага бўлиш мумкин. Бу, биринчидан, кам миқдорда бўлса-да дардини айтиб енгил тортадиган ёки масаласи юзасидан республика раҳбариятининг фикрини эшитишни истайдиганлардир.
Иккинчи тоифа, бу чиндан муаммога рўбарў келган, балки тақдир тақозоси билан қийинчиликка учраган жисмоний ёки юридик шахслардир. Айни мана шу тоифа ичида ҳуқуқий билим ва тушунчаси кам бўлганлари ҳам борки, бу бизнинг олдимизга алоҳида бир масала – тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш заруриятини ҳам қўяди.
Учинчи тоифа мурожаатчиларни биз барибир рози қилолмаслигимизни алоҳида қайд этиш лозим. Негаки, уларнинг муаммосини ҳал қилиш учун мутасаддилар қонунни ёки адолат тамойилларини бузишларига тўғри келади.
Таъкидлаш ўринлики, Президент Администрацияси масъуллари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари ҳар бир мурожаатда айтилган масалани соҳага дахлдор мутасаддилар иштирокида очиқ-ошкора, энг муҳими, батафсил муҳокама қилди. Шу боис, ижтимоий-иқтисодий соҳага оид муаммоли масала ва шикоятларнинг кўп қисми шу жойнинг ўзида вилоятдаги мутасадди ташкилот ходимлари зиммасига юклатилиб, ҳал қилинди. Ўнлаб мурожаатчининг ишини Олий судга тақдим қилиш белгилангани шунча фуқаронинг вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга келиб-кетишининг олдини олди. Асосийси, улар мазкур ишлари билан боғлиқ барча саволлари юзасидан Олий суд масъуллари билан юзма-юз гаплашиб олди.
Бош прокуратура мутасаддилари кўриб чиққан масалаларнинг ҳам муайян қисми жойида ҳал қилинди.
- Масалангизни вилоят прокурори ўрганади ёки бошқа бир мутасаддига тақдим қилинади, десак бундай руҳиятингиз тушмасин, - деди Бош прокурор ўринбосари Шуҳрат Узоқов. - Негаки, қабулга келиб тушган ҳар бир мурожаат қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилиши Президент администрацияси томонидан қатъий назоратга олинади. Қайсики, жойлардаги мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги ёки бошқа сабаблар билан қонун бузилиши ва адолатсизликка йўл қўйилмайди.
Қабул давомида Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан ҳам ўнлаб мурожаатлар кўриб чиқилди.
Вилоятда уч кун давом этадиган оммавий қабуллар Оқдарё ва Тойлоқ туманларида ҳам ўтказилиши белгиланган. Мазкур қабулларга вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари аҳолиси қамраб олинади.