Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши, маъмурий судлар тизимини оптималлаштириш фуқароларга қандай енгилликлар беради?
Президентимизнинг 2020 йил 2 мартда қабул қилинган “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили”да амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги Фармоннинг 3-банди ҳамда ушбу фармон билан тасдиқланган Давлат дастурининг 42-бандида кўрсатилган топшириқни, шунингдек, 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 2-банди ижросини таъминлаш мақсадида Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қабул қилинган.
“Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқишнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, назорат тартибида иш юритиш институтини фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқини кенгайтириш мақсадида бекор қилиш, апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш зарурлиги таъкидланган.
Судлар томонидан чиқарилган суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш вазифаларини бажарувчи суд инстанциялари қайта кўриш тизимининг элементларидир. Қайта кўришнинг амалдаги тизими қуйидаги икки элементдан иборат: суднинг қонуний кучга кирмаган қарорларини текширишни амалга оширувчи инстанция (апелляция инстанцияси) ва суднинг қонуний кучга кирган қарорларини қайта кўришни амалга оширувчи инстанциялар (кассация ва назорат инстанциялари).
Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишнинг амалдаги тизимининг таҳлили шуни кўрсатадики, назорат тартибида иш юритиш ўз вазифалари ва ваколатларига кўра, кассация тартибида иш юритиш билан ўхшашдир. Бундай механизм мавжуд экан, халқаро ҳамжамиятнинг ва фуқаролик жамиятининг суд инстанциялари сони кўплиги борасидаги таъналари ва танқидидан қутулиб бўлмайди. Чунки кассация тартибида текшириш, назорат тартибидаги текшириш ҳам қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини текширишга қаратилган.
Фуқароларнинг одил судловга эришишини таъминлаш, уларнинг ортиқча оворагарчилигини бартараф этиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текширишнинг амалдаги тизимини ислоҳ этиш тақозо этилмоқда.
Шу муносабат билан биринчидан, назорат инстанцияси институтини бекор қилиш ва кассация инстанциясининг ваколатларини Ўзбекистон Республикаси Олий судида фаолият кўрсатган ҳолда ўтказиш йўли билан ислоҳ қилиш мақсадга мувофиқ. Иккинчидан, апелляция инстанцияси институтини бу ваколатларни вилоят судлари ва тенглаштирилган судларга ўтказган ҳолда тубдан ислоҳ қилиш назарда тутилган.
Шунингдек, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида МДҲ ва узоқ хориж мамлакатларининг маъмурий ишлар бўйича суд қарорларини қайта кўриш масаласини тартибга солиш соҳасидаги халқаро тажрибаси ўрганиб чиқилиб, маъмурий ишлар бўйича суд қарорларини қайта кўриш институтини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида:
– одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш учун апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш;
– маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинишини таъминлаш назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини берадиган тарзда суд қарорларини қайта кўриш тартибини бирлаштиришга, жамиятнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, шунингдек, халқаро стандартлар нормаларини миллий қонунчиликка иплементация қилишга эришилади.
Шоҳруҳ МИРЗААҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.