Суд раислари қабулида 19 масалага ечим топилди
Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёровнинг навбатдаги сайёр қабули Пайариқ туманида ўтказилди.
Вилоят суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, туман Халқ қабулхонасида суд раислари иштирокида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабуллар ташкил қилинди. Фуқаролар муаммоларига ечим топиш учун ҳуқуқий тушунтириш берилиб, амалий ёрдам кўрсатган ҳолда ҳал этилиши таъминланди.
Жумладан, 36 мурожаатнинг 19 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. 17 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Туманнинг Гулистон маҳалласида яшовчи, содир қилган қилмиши учун Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган Ш.Рўзимуродов вилоят суди раисига жиноий қилмиши ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазонинг қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Вилоят суди раиси мурожаатчи билан суҳбатлашиб, мурожаатнинг мазмун-моҳияти ва сабабларини ўрганди. Сўнгра шу ерда жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судининг сайёр суд мажлиси ўтказилиб, Ш.Рўзимуродов жазодан озод қилинди.