Судларга электрон тарзда масофадан ариза ва шикоят киритиш мумкин

Айни пайтда давлат ташкилотларидан ариза ва шикоятлар электрон тарзда қабул қилинмоқда. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлари портали - https://my.sud.uz/#/да мурожаатлар бўлими https://exsud.sud.uz`га ўтиш кифоя.

Аҳамиятлиси, портал орқали судга мурожаат қилишнинг намуналари билан ҳам танишиб олишингиз мумкин. Бу калькулятор хизмати орқали қанча тўлаш кераклигини билиб олиб, ушбу амални электрон тарзда бажаришингиз мумкин.

Савол туғилиш мумкин, нега бирдан бундай тизимга ўтилди?

Аслида жараён тадрижий тарзда амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш кўрсатиб ўтилган эди.

Шу асосда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги "Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига турли хил енгилликларни берувчи "Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилиши белгиланди.

Мазкур қарорга кўра, энди давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этади.

Муҳими, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориши мумкин.

Шунингдек, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юборади.

Баҳодир Қаршиев,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги юридик хизмати бош юрисконсульти.