Сунъий интеллект рақибингиз эмас

Бугунги рақамли технологиялар асрида сунъий интеллект (СИ) ҳаётимизга жадал кириб келаётгани тараққиётнинг табиий босқичи. У инсон меҳнатини енгиллаштирмоқда, вақтни тежамоқда ва мураккаб жараёнларни соддалаштирмоқда. Шу билан бирга, жамиятда турли савол ва хавотирлар ҳам туғилаётгани сир эмас: «Инсон ўқимай қўядими?», «Технология иш ўринларини қисқартирмайдими?», “Инсон фикрлашдан узоқлашмайдими?”...

Бу саволлар ҳар қандай янги технологик инқилоб даврида янграган. Бир вақтлар радио, телевидение, калькулятор ёки интернет оммалашганида ҳам худди шундай муносабат бўлган. Вақт эса шуни кўрсатдики, технология инсонни эмас, унинг имкониятларини ўзгартиради.

Сунъий интеллект нима ўзи?
Сунъий интеллект - инсон онгига хос айрим вазифаларни бажара оладиган дастурий тизимлар мажмуаси. У маълумотларни таҳлил қилади, қонуниятларни аниқлайди ва шу асосда қарор таклиф этади. Оддий дастурлар фақат буйруқни бажаради, СИ эса ўрганади, таққослайди ва хулоса чиқаради.
Унинг асосини техникавий ўрганиш ташкил этади, яъни катта ҳажмдаги маълумотлар орқали тизим ўз фаолиятини такомиллаштириб боради.

Кундалик ҳаётимиздаги кўринмас ёрдамчи
Бугун сунъий интеллектдан фойдаланмаётган инсон деярли йўқ. Смартфонлардаги овозли ёрдамчилар, йўл ҳаракатини таҳлил қилувчи навигация хизматлари, автоматик таржима дастурлари, тавсия этилган фильм ёки видеолар - буларнинг барчаси СИ алгоритмлари асосида ишлайди.
У вақтни тежайди, хатолар эҳтимолини камайтиради, катта маълумотларни қисқа вақтда қайта ишлайди, таълим, тиббиёт, транспорт ва бизнесда самарадорликни оширади.
Масалан, тиббиётда касалликларни эрта аниқлаш, таълимда индивидуал ўқитиш дастурлари, бизнесда бозорни таҳлил қилиш каби вазифаларда СИ инсонга кучли ёрдамчига айланди.

Бизнес учун янги имкониятлар
Замонавий иқтисодиётда сунъий интеллект шунчаки инновация эмас, балки стратегик воситага айланмоқда.
У компаниялар учун: мижозларга 24/7 хизмат кўрсатиш, талабни олдиндан прогноз қилиш, маркетингни шахсийлаштириш, операцияли жараёнларни автоматлаштириш имконини бермоқда. Натижада харажатлар қисқаради, хизмат сифати ошади, қарор қабул қилиш тезлашади.

Рақамли қулайлик ортидаги масъулият
Шу билан бирга, сунъий интеллект мутлақо хавфсиз восита эмас. У билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам мавжуд. Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи, сохта ахборот ва рақамли манипуляциялар, айрим оддий касбларнинг қисқариши, технологияга ортиқча қарамлик, шулар жумласидан. Мутахассисларнинг таъкидлашича, катта хавф - технологиянинг ўзи эмас, балки инсоннинг ундан нотўғри фойдаланишида.

Технология тафаккурнинг ўрнини босолмайди
Сунъий интеллект ахборот беради, лекин ғоя яратмайди. У таҳлил қилиши мумкин, аммо масъулиятни, жавобгарликни зиммасига олмайди. Инсон ахборотни, маълумотни танлайди, баҳолайди ва қабул қилинган қарор учун жавоб беради. Агар инсон технологияни билим олиш воситаси сифатида ишлатса, у тараққиётга хизмат қилади. Агар у тайёр жавобнинг истеъмолчисига айланса, фикрлаш қобилияти сусайиши мумкин. Шу боис рақамли даврда энг муҳим кўникма танқидий фикрлаш, мустақил таҳлил ва доимий таълимдир.

Сунъий интеллект — инсоннинг рақиби эмас, балки унинг янги воситачиси. У тараққиётни маълум даражада тезлаштиради. Аммо жамиятнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини белгилай олмайди. Ғоя ва интеллектуал салоҳият ҳамиша инсон зиммасида қолади. Технологиялар қанчалик ривожланмасин, илм, тафаккур ва масъулиятни унутмаган жамиятгина уларни ўз тараққиётига хизмат қилдириши мумкин.

СамДЧТИ талабаси Отабек УМИРОВ тайёрлади.