Сув тежовчи технологиялар аср муаммосининг ягона ечими бўлиб қолмоқда
Дунёдаги иқлим ўзгариши, аномал иссиқ ҳароратнинг узоқ муддат сақланиб туриши, қор қатламларининг тез эриб бориши қишлоқ хўжалиги экинларини вегетация даврида суғоришда сув тақчиллигига сабаб бўляпти.
Бу ҳолат фақат Марказий Осиё давлатларида эмас, дунёнинг аксарият минтақаларида кузатилмоқда. Юртимизда сув танқислиги муаммосини юмшатиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегия”си қабул қилиниб, соҳани ривожлантириш бўйича узоқ мудддатли ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш тизими ишлаб чиқилган ва амалиётда уни жорий қилиш ишлари давом этмоқда.
Жумладан, Сув хўжалиги вазирлиги негизида Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташкил этилиб, сув тежамкор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида сув тежовчи технологиялар жорий этиладиган майдонларнинг 2018 йилдаги 1,7 фоиздан 2024 йилда 32 фоизга етказилишига имконият яратади. Дунё тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, бу ҳозирча соҳада сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш ва маҳсулот етиштиришни барқарор сақлашдаги ягона ечим бўлиб қолмоқда.
Бу борада вилоятимизда ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, жорий йилда вилоят бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари томонидан 28 минг гектар майдонга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгиланганди. Шундан 7300 гектарга томчилатиб суғориш, 3300 гектарга ёмғирлатиб суғориш, 2600 гектарга дискретли суғориш, 9300 гектарда эгилувчан қувур ва плёнка тўшаб суғориш ҳамда 5500 гектар майдон лазерли ер текислагич ёрдамида текисланди. Бу каби тадбирларнинг амалга тадбиқ этилиши натижасида кейинги уч йилда вилоят бўйича 42,5 минг гектардан ортиқ майдонга сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Шундан 4500 гектар пахта майдони, 5504 гектар интенсив боғ-токзор ва бошқа экинлар томчилатиб суғориш, 3124 гектар ғалла ва 81 гектар бошқа экин майдонларига ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилди. 8356 гектар майдонга эгилувчан қувур ва плёнка тўшаб суғориш, 3 235 гектар майдонга дискрет суғориш технологиялари жорий қилинган ҳамда 17 694 гектар экин майдонлари лазерли ер текислаш ёрдамида текисланди.
Бу ишларнинг амалга оширилиши натижасида сув иқтисод қилинишига эришилиши билан биргаликда қарийб 90 минг гектар эртаки ва ғалладан бўшаган ер майдонларига такрорий экинлар экиш имконияти яратилди. Натижада вилоят бўйича биргина шу йилнинг ўзида такрорий экиндан 1 миллион 450 минг тоннадан зиёд сабзавот, картоша ва дуккакли экинлардан ҳосил йиғиштириб олиниши кутилмоқда. Бу, аввало, фермер хўжаликларининг даромадини оширишга шароит яратса, иккинчидан, бозорларимизда тўкинлик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва кўпроқ экспорт қилишга имконият яратади.
Пахта-ғалла ва мева-сабзавот етиштирувчиларга сув тежовчи технологиялар учун субсидия маблағларининг ажратилиши келгусида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини қўллаш учун катта имкониятлар яратиши билан бирга ҳар гектар майдондан олинадиган ҳосилнинг янада юқори бўлишига замин яратади.
Бекзод ТУГАЛОВ,
вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи.