Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сувдан фойдаланиш бўйича 9 ойда 905 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди

Вилоятимизда 2022 йил ҳосили учун 94 минг 230 гектар ерда бошоқли дон экинлари экиш режалаштирилган. Айни пайтда туманларда кузги бошоқли дон экиш ишлари давом этмоқда. Бунинг учун 164 дона ғалла экиш сеялкаларидан унумли фойдаланилмоқда.

Ғалладан мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим омилларидан бири экин майдонларини пешма-пеш суғоришдан иборат. Мазкур агротехник тадбирлар “Ўзагроинспекция”нинг вилоят ҳудудий бошқармаси ва туманлардаги бўлимлари томонидан назорат қилинмоқда.

– “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланиш юзасидан 2 минг 410 та назорат тадбирлари ўтказилиб, соҳага оид 905 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ҳамда тегишли таъсир чоралари қўлланилди, – дейди агроинспекция вилоят бошқармаси бош инспектори Аваз Очилов. – Мазкур қонунбузилишлар бўйича масъул шахсларга нисбатан 599 ҳолатда 159,6 миллион сўмлик  маъмурий ва 77 ҳолатда 49,9 миллион сўмлик молиявий жарима санкциялари қўлланилди. 57 ҳолатда тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ахборот хизмати.