СХТУ Америкадаги хусусий университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди

Самарқанд халқаро технология университети (СХТУ) АҚШнинг Глобал таълим Консорциуми (CGE) билан таълим ва тадқиқот соҳасида ҳамкорлик  меморандуми имзолади.

Глобал Таълим Консорциуми (CGE) — нотижроат глобал ташкилот бўлиб, АҚШда аккредитациядан ўтган хусусий университетлар ва Атлантада жойлашган чет элдаги шуъба ҳамкор университетлардан иборатдир. Ҳозирги кунда CGE 72 мингдан ортиқ талаба ва 7,3 мингдан зиёд ўқитувчиларни ҳамда Anderson университети, LCC халқаро университети, Liverpul Hope университети, Baylor университети, Carson-Newman университети, Sias университети каби 40 дан ортиқ университетларни бирлаштирган.

Имзолаш жараёни университет ректори Ю.Абдуллаевнинг АҚШга ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Меморандумдан кўзланган мақсад университет лавозимларига профессор-ўқитувчилар ва раҳбарларини танлаб олиш бўйича ҳамкорлик, қўшма илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш, хорижда қисқа муддатли ва семестрда ўқиш ҳамда амалиёт ўташ имкониятларини ривожлантириш, халқаро аккредитация ва ўқитиш усуллари бўйича маълумот алмашиш каби устувор масалаларни ўз ичига олган.