Тадбиркорлардан 600 дан ортиқ мурожаат тушди

Шу йил 20 август куни давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтади.

Юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлар олдидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман ҳамкорлигида 1094 рақамли Call-markaz ташкил этилиб, доимий равишда тадбиркорларнинг мурожаатларини қабул қилиш имконияти яратилган. Ҳар бир мурожаат тегишлилиги бўйича вазирлик, идоралар ва вилоятларга юборилиб, ижрога қаратилмоқда.

Вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармасида соҳага дахлдор бошқарма ва идораларнинг мутахассислари жалб этилган ҳолда штаб ташкил этилган. Ушбу штабда мурожаатлар тегишли равишда бошқарма ва маҳаллий ҳокимликларга йўналтирилмоқда.

-  Жорий йилнинг 3 август санасигача 606 та мурожаат бўлди, - дейди Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти вилоят штаби аъзоси Али Раҳмонов. – Уларнинг 498 таси ўрганиб чиқилди, 108 таси ўрганиш жараёнида. Билдирилган мурожаатлар таҳлил қилинганда, тижорат банклари бўйича 185 та, вилоят ташкилотлари даражасида 290 та, шаҳар-туман ҳокимликларига тегишли 128 та масала қайд этилгани маълум бўлди. Мурожаатлар кўпроқ солиқ, прокуратура, қишлоқ хўжалиги, адлия, электр таъминоти соҳаларида кузатилмоқда.

Тадбиркорлар “Taklif@2022.uz” электрон портали орқали ҳам ўз таклиф, мурожаат ва ғояларини билдириш имконияти ҳам яратилган.

Ў.Худойбердиев.