Тадбиркорларни кўпроқ қайси муаммо қийнаяпти?

Ҳозирда Самарқандда 128 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Ишбилармонларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва уларга ечим топиш мақсадида вилоятда ҳар ҳафта тадбиркорлар қабули ўтказиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти олдидан улардан келаётган мурожаат ва таклифларни ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги қошида штаб ва Call-markaz ташкил этилди.

Ўз навбатида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман билан ҳамкорликда 1094 рақамли Call-markaz фаолиятини йўлга қўйган.

- Жорий йилнинг 9 августигача вилоятимиз тадбиркорларидан 382 та мурожаат тушди, - дейди Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти вилоят штаби аъзоси Отабек Аҳадов. – Мурожаатларнинг 240 таси ўрганиб чиқилди ва 187 таси ижобий ҳал этилди. 52 та мурожаат рад этилган бўлса, 142 таси ўрганиш жараёнида. Мурожаатларнинг 70 га яқини банк соҳасига, 30 дан зиёди шаҳар ва туман ҳокимликларига тегишли бўлди. Кўпроқ коммуникация тармоқлари, экспортни ошириш, бу борадаги тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича таклиф ва ташаббуслар билдирилмоқда. Мурожаатлар туманлар кесимида бошқа ҳудудларга нисбатан Самарқанд шаҳри, Нарпай, Ургут туманларидан кўп қайд этилмоқда.