Тадбиркорлик тўхтамаслиги давлат даражасида кафолатланди
Бугун бутун дунё иқтисодиёти коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиши сабаб, оғир дамларни бошдан кечирмоқда. Ушбу вируснинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Мамлакатимизда ҳам пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш борасида чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 3 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилди. Шу куни “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг эълон қилиниши ўз вақтида қабул қилинган муҳим воқеа бўлди.
Фармонга кўра, эндиликда туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар 2020 йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. шунингдек, фармонда кўрсатилишича, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар тўлаш тўхтатилади.
Бундан ташқари, 2020 йил 1 апрелдан юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан хақ тўлаш мажбурий талаби 100 фоиздан 30 фоизга туширилди.
Ушбу имтиёзни корхонамиз мисолида гапирадиган бўлсам, электр энергияси учун бир ойда 200 миллион сўм олдиндан тўлов амалга оширар эдик. Эндиликда мазкур маблағнинг 70 фоизини қайтариб олишимиз ёки кейинги ойлар учун фойдаланишимиз мумкин.
Шу билан бирга, корхонамиз томонидан жорий йилнинг май ойида ёпилиши керак бўлган 2 миллиард сўмга яқин банк кредити фармон асосида 2020 йилнинг августигача узайтирилди.
Умуман қарорда белгиланган чора-тадбирлар биз, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган муҳим ҳужжат, деб биламан. Бу ўз навбатида пандемия даврида кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бозорларимиз тўкин-сочинлигини таъминлашда зиммамизга катта масъулият юклайди.
Абдуазиз МУНИСОВ,
“TESPACK INVESTMENT” МЧЖ бош директори,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.