Талабалар ёш олимнинг “ширин картошкаси” билан танишдилар
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали талабалари Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида бўлди.
Улар ўзаро ҳамкорлик ҳамда агробизнесда инновацион фаолият фани доирасида филиалнинг қишлоқ хўжалиги бўйича фалсафа доктори Aнвар Шамсиев томонидан олиб борилаётган батат (ширин картошка)нинг аҳамияти ва етиштириш технологияси мавзусидаги илмий ишлар билан яқиндан танишди.
- Бататни кўпроқ хитойликлар етиштиради, таъми ширин бўлгани учун картошкага ўхшатишади. Ҳозирча батат уруғини филиалимизга ажратилган ер майдонининг 10 сотихига экдик, - деди ёш олим А.Шамсиев. – Фермер хўжаликлари томонидан ҳам талабга қараб уруғлик етказиб беряпмиз. Масалан, жомбойлик фермер 10 сотих, тойлоқлик фермер 5 сотих ер учун уруғлик олиб кетди. Келажакда бататни Ўзбекистонда оммалашишига ишонаман.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ноанъанавий туганак мевали экинлардан бири бўлган батат талабаларда жуда катта қизиқиш уйғотди. Қолаверса, бу каби учрашувлар олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ахборот хизмати.