Қиш-баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғаришда энг паст кўрсаткич Самарқанд шаҳрида
Самарқанд вилоятида жорий йил қиш ва баҳор мавсуми учун 76 минг тонна, жумладан 40 минг тонна картошка, 17 минг тонна пиёз, 12 минг тонна сабзи ва 7 минг тонна гуруч жамғариш режалаштирилган.
Шундан 73,3 минг тонна (шундан 8,2 минг тонна эҳтиёжманд оилалар учун) ҳудудий тайёрлов корхоналари ва ташкилотлар томонидан, 2,7 минг тонна ижтимоий соҳа муассасалари учун (мактабгача таълим муассасаларига 2,1 минг тонна, соғлиқни сақлаш тизимига 409 тонна, халқ таълими муассасалари учун 188 тонна) жамғарилади.
Бугун вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдаги аппарат йиғилишида қайд этилишича, 12 октябрь ҳолатига 14 минг 531 тонна маҳсулот жамғарилган. Режа ижроси вилоятда 20 фоиз бўлган бир вақтда Самарқанд шаҳрида 7 фоиз, Қўшработ туманида 9 фоиз, Пайариқ туманида 16 фоизни ташкил этмоқда.
Йиғилишда таъкидланишича, 20 октябрда пиёз захирасини тўлиқ якунлаш лозим. Аммо айрим ҳудудлар вилоят кўрсаткичидан ортда қолмоқда.
Мисол учун, вилоят режалаштирилган пиёзнинг 69 фоиз захираси яратилган бўлишига қарамай, бу кўрсаткич Қўшработ туманида 21 фоиз, Самарқанд шаҳрида 30 фоиз ва Пайариқ туманида 46 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, картошка, сабзи ва гуручни захирага жамғариш ишлари ҳам жуда суст олиб борилмоқда.
Маҳсулотларни захирага жамғариш учун тижорат банклари томонидан 52,8 миллиард сўм кредит маблағлари талаб этилади. Бугунги кун ҳолатига 7 та тижорат банки томонидан 39 та мижозга бор-йўғи 4 миллиард 141 миллион сўм кредит ажратилган.
Жумладан, "Агробанк" вилоят филиали 13,9 миллиард сўм, Халқ банки 9,2 миллиард сўм, "Миллий банк" 5,3 миллиард сўм, "Саноатқурилишбанк" 4,7 миллиард сўм, "Микрокредитбанк" 4,6 миллиард сўм, "Асакабанк" 2,1 миллиард сўм, "Савдогар" ва "Траст банк"ларда 2 миллиард сўмдан кредит ажратилмасдан турибди.
Кутамиз, қайд қилинган ҳокимликлар ва белгиланган тижорат банклари бу ҳолатни нима билан изоҳлашар экан?