Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Organic ва Global G.A.P халқаро стандартлари талаби даражасида тайёрланади
Президентимиз 2020 йил 18 май куни “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.
Унга кўра:
- республикамизда органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”;
- 2020-2025 йилларда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларида босқичма-босқич органик ишлаб чиқаришга ўтишнинг прогноз кўрсаткичлари;
- 2020-2025 йилларда мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P) халқаро стандарти талаблари бўйича сертификатланадиган ер майдонларининг асосий экспортбоп экин турлари бўйича прогноз кўрсаткичлари;
- пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши корхоналари ва кластерлари томонидан органик пахта хомашёси етиштириш ҳамда органик тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;
- республика ҳудудларида агроэкотуризм жозибадорлигини янада ошириш учун органик бозорлар ва ресторанлар ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P) доирасидаги барча манфаатдор ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ваколатли давлат орган этиб белгиланди. Унга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
- барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар, хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлардан органик ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P) доирасидаги зарурий маълумотларни олиш;
- органик маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, сотиш ва сертификатлаш билан шуғулланувчи хўжалик субъектлари фаолиятининг эквивалентлигини баҳолаш ва авторизациялаш тизимини яратиш.
Эндиликда органик қишлоқ хўжалигига ўтказилган ер участкаларида экинларни жойлаштириш органик стандарт талабларини ҳисобга олган ҳолда илмий асосланган алмашлаб экиш схемаларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда экинларни жойлаштиришда давлат аралашувига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:
- 2020 йил 1 октябрга қадар “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади;
- Тошкент давлат аграр университетида “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш” йўналишида мутахассислар тайёрланади. Ушбу йўналишда талабалар қабул қилиш 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида органик ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиётини ривожлантириш бошқармаси ташкил этилади;
- 2021 йил 1 январга қадар қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот институтларида мавжуд лабораториялар замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланади ва бирламчи органик уруғ етиштирувчи хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилади;
- 2020 йил 31 декабрга қадар “Қишлоқ хўжалигида стандартлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси қошида Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ комплекс синов лабораторияси мажмуасини ташкил этиш чоралари кўрилади.