Талабани сарсон қилиш адолатданми?

Бугун давлат гранти асосида ўқиётган, GPA кўрсаткичи 5,0 бўлган, барча топшириқларни вақтида бажараётган талабаларга “Қайта грантга ариза топширинг, йўқса, контракт бўласиз”, “тадбирда волонтёр бўлинг”, “фаол бўлинг”, деган талаблар қўйилмоқда.
(GPA - талабаларнинг фанларни ўзлаштириш даражасини ўртача балл орқали кўрсатувчи кўрсаткич). Ахир, бу талабалар шундоқ ҳам юқори билим эвазига танлаб олинган эмасмиди?
Тўғри, тўлов-контракт асосида ўқиётганлар учун грант олиш янги имконият. Улар ҳаракат қилишади, ҳужжат тайёрлашади, яхши ўқиганини исботлашади. Лекин аллақачон грантга эришган, юқори баҳоларда ўқиётган талабалардан яна ариза сўраш адолатданми? Айниқса, вилоятдан келган, ижарада яшаётган, оиласига моддий юк бўлмаслик учун курашаётган талаба учун бу руҳий босим-ку.
Яна қайта ариза топшириш шартлари одамни ажаблантиради. Масалан, балл тўплаш учун тадбирларда суратга тушиш, жамоатчилик ишларида кўриниш бериш керак эмиш. Бу каби ҳолатлар билимни эмас, ташқи кўринишни устун қўйиш эмасми?
Давлат гранти илми, салоҳияти, фидойилиги билан ажралиб турган талабаларга йўналтирилиши керак. Айниқса, аллақачон грант асосида ўқиётган талабалардан қайта ариза талаб қилиш, уларни яна ўз ҳақлигини исботлашга мажбур қилиш – бу нотўғри.
Аксинча, грантларни GPA кўрсаткичи асосида, фан олимпиадалари, илмий мақолалар, илмий лойиҳалар орқали баҳолаш энг адолатли ҳисобланади.
GPA — талабанинг ўқиётган фанларни қай даражада ўзлаштирганини кўрсатувчи ўртача балл тизими. Оддий қилиб айтганда, ҳар семестрда олган баҳолари ҳисобланиб, ўртачаси олинади. Масалан, ҳар бир фандан “5” баҳо олган талабанинг GPAси 5,0 бўлади.
Бу кўрсаткич шунчаки рақам эмас, талабанинг билим даражаси, интилиши ва масъулиятининг акси. Шу сабабли кўплаб грантлар, стипендиялар айнан GPA асосида тақсимланади.
Афсуски, ҳозир айрим олий таълим муассасаларида GPA 5,0 бўлиши ҳам етарли эмасдек, талабадан яна исботлаш талаб этиляпти.
Грантга кирган талабаларни доимий аризалар, тадбирлар ва жамоатчилик ишларида “кўриниш” беришга мажбурлаш - бу уларнинг билимига нисбатан ишончсизлик. Ҳар қандай баҳолаш тизими илмий ёндашувга, GPA ва иқтидор натижаларига асосланган бўлиши керак. Шундагина ўқиган ва билими билан ажралиб турган ёшлар ўз меҳнатидан фахрланади. Акс ҳолда, грант фақат суратга тушишга “уста”лар орасида тақсимланувчи мусобақага айланиб қолади.
Азиза Муҳиддинова.