Таълим инспекцияси огоҳлантирмоқда: Самарқандда хусусий олий таълим муассасаси йўқ

Айни кунларда фуқаролар томонидан Самарқандда хусусий олий таълим муассасаси очилгани, унга кириш учун айрим ёшлар пул тўлагани, дарслар яқин кунларда бошланиши ҳақида турли гап-сўзлар юрибди.

Ушбу маълумотга ойдинлик киритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохоловга мурожаат қилдик.

- Самарқандда ҳали ҳеч бир хусусий олий таълим муассасаси таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лизенцияланмаган, - деди Ғайрат Бобохолов. - Ўзбекистондаги хусусий олий таълим муассасаларининг дипломи тан олиниши учун, аввало, таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
Тўғри, айни кунларда вилоятимизда ҳам хусусий олий таълим муассасасини ташкил этиш борасида саъй-ҳаракатлар бошланган. Аммо, фуқаролар томонидан сўралаётган Самарқанд-Корея ҳамкорлигидаги хусусий ОТМ таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олган эмас. Ушбу ОТМнинг дипломи ҳақиқий деб тан олинмайди.

Фуқароларимизни яна бир бор ҳушёрликка чорлаш ниятида шуни маълум қиламизки, Самарқандда ҳали хусусий ОТМ рўйхатдан ўтмаган.